09 April 2010
13:13 - Мультимиллонер Дмитрий Лим гўёки жавобгарликдан озод қилинган
Расман тасдиғини топмаган хабарга кўра, йирик миқдордаги талон-тарожлик билан жиноий жавобгарликка тортилган “Карвон” бозор ОАЖ Кузатув кенгаши раиси, йирик авторитет Дмитрий Лим жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси А. Худойбергановнинг қарори билан жавобгарликдан озод қилинган. Тўғрироғи, жиноят ишининг унга тегишли бўлган қисми ҳаракатдан тўхтатилган. Бироқ бозордаги коррупция туфайли ҳибсга олинган аксарият кишиларнинг судлари давом этмоқда.

Дмитрий Лимнинг тергов даврида фош бўлган автомобиллар коллекцияси акс этган лавҳалар эса мобиль телефонлари орқали мамлакатга тарқаб улгурди. Ҳоббиси автомобиль ва мотоцикллар йиғиш бўлган мульти-миллионернинг колекцияси акс этган уч минутга яқин лавҳада Ўзбекистон Бош прокуратураси терговчисининг автомабилларни бирма-бир рўйхатга олаётганини кўриш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча ой аввал мамлакатимиздаги “Карвон” бозори маъмурияти бир қанча иқтисодий жиноятларида айбланиб, ҳибсга олинган. Ўзбекистон Репсубликаси Бош прокуратураси томонидан олиб борилган тергов ҳаракатлари даврида бир неча ўнлаб миллиард сўмлик талон-тарожликлар аниқланган.