09 April 2010
05:15 - Қирғизистон президенти руслар ёрдамида йиқитилдими?
Жаҳон ахборот воситаларида Медведев билан Прагага келган ҳайъат аъзоси, ўз номини эълон қилмаслик шарти билан, Қурмонбек Боқиев Россиянинг ёрдами билан йиқитилганини иддао қилгани муҳокама қилинмоқда. “Биз Боқиевдан Манасдаги америкаликларнинг ҳарбий базасини бекитишни талаб қилдик. Аммо, у буни қилмади, шу сабабли йиқитилди. Қирғизистонда фақат Россия базаси бўлиши керак” деган эмиш ўша одам. Бунга қанчалик ишониш мумкин?

Россиянинг хўжайини Владимир Путиннинг Қирғизистондаги воқеалар бўйича қилган баёнотида, икки томонни, яъни ҳокимият ва мухолифатни бир паллага қўйиб, уларга баравар мурожаат қилишининг ўзи шубҳали кўринганди. Энди номи айтилмаган рус мулозимининг тўғридан-тўғри мухолифатни қўллаб-қувватловчи сўзлари пайдо бўлди. Шу икки факт мантиғидан келиб чиқилса, ростдан ҳам, Қурмонбек Боқиевнинг йиқитилишида, энг камида, Бишкекдан қочишида, Россиянинг қўли бордек кўринади.

Лекин, бу аргументацияни тасдиқлайдиган биронта факт йўқ. Бунинг устига, Бишкекда янги ҳукумат қурган мухолифатчилар Москванинг ўйинчоғи бўлганлари албатта юзага чиқишини тушунмасликлари мумкин эмас.

Шу сабабли, Путиннинг баёноти ҳам, рус мулозимининг аноним гаплари ҳам, провокацияга ўхшамоқда. Қирғизларга қарши провокацияга. Бир томондан, ўз вақтида Россиянинг Манасдаги АҚШ базасини ёпилиш талабига қулоқ солмаган Боқиевга тош отилмоқда, иккинчи томондан, янги ҳукуматга бу талаб ҳали ҳам кун тартибида эканлигини кўрсатувчи сигнал берилмоқда.