02 June 2009
00:44 - АҚШнинг автогигантларидан Женерал Моторс банкротлик эълон қилди, Фордга нима бўлади
Бугун АҚШнинг бу машҳур автогигант кампанияси ҳукуматга банкротлик аризасини топширган. Баъзилар уйлайдигандек, кампаниянинг банкрот бўлиши - унинг битиши, тамом бўлиши эмас. Банкротлик – ҳуқуқий мақом бўлиб, бу мақомни олишнинг ҳам ўзи бўлмайди. Банкротлик мақомини олиш ниятидаги капания ўз аризасида молиявий аҳволининг ёмонлигини кўрсатиш билан биргаликда, ҳукуматнинг ёрдамига лойиқ эканлигини, бу ёрдам билан кампанияни қутқариб қолиш давлат ва миллат манфаатларига мос келишини кўрсатиши керак.

Тарихда шундай мисолар борки, баъзи йирик масштабдаги товламачилар кампанияни ёлғондакам банкрот қилиб, давлатдан катта ёрдам олишган ва ёрдам пулини “еб” кетишган.

АҚШ ахборот воситаларининг билдиришича, бугунги қарзи $172,8 млрд бўлган Женерал Моторс (General Motors) АҚШ тарихида банкрот бўлган ширкатлар ичида катталиги билан тўртинчи ўринда туради, саноат корхоналари ичида эса, ҳали бунадй катта ширкат банкрот бўлмаган.

Женерал Моторснинг банкротлиги қабул қилинса, у АҚШ ҳукуматидан $30 млрд, Канададан $9,5 млрд қўшимча ёрдам олади.

АҚШ ҳукуматининг ўзи бу автогигантни сақлаб қолиш мақсадида, уни тезроқ банкротлик учун ариза беришга ундагани ҳам маълум. Бугун АҚШ президенти Барак Обаманинг айтишича, банкротликдан кейин бу кампания яна ҳам самаралироқ ишлайдиган бўлади, унинг келажаги яхши бўлиш эҳтимоллиги ортади. Янгиланган Женерал Моторс акцияларининг 60 фоизи ҳукуматнинг қўлига ўтиши, ширкат янги иш ерлари очиши, ишлаб чиқариш экологик жиҳатдан тозароқ бўлиши ҳам Обама тарафидан билдирилган.

Аслида, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, бироз аввал банкротлик учун ариза берган Крайслер (Chrysler) ширкати каби, Женерал Моторснинг банкрот бўлиш сабаби - фақатгина ҳозирги молиявий-иқтисодий инқироз эмас. Доимо АҚШ ҳукумати томонида қўллаб-қувватланиб келинган ва АҚШнинг символига айланган бу автогигантлар (аслида, Форд ҳам улар каби) сўнги ўн йилликларда миниавтомобиллар ишлаб чиқариш соҳасида Япония ва Корея ширкатлари билан рақобат қилолмай келаётган эдилар. Балки, шу баҳона билан бу автогигантлар давлат ёрдамида янгиланадилар ва дунё бозорида ўз ўринларини мустаҳкамлайдилар.

Форд ширкатининг автомобиллари АҚШ ҳукумати тарафидан ҳам катта ўлчовда сотиб олиниши туфайли (масалан, полиция асосан Форд автомобилларини ишлатади), ҳозирча унинг банкрот бўлиши ҳақида гап йўқ. Аммо, вақти келиб, у ҳам оғир аҳволга тушса керак.