15 November 2017
15:31 - Forbes журнали жаҳондаги энг кучли ёш тадбиркорлар рўйхатини эълон қилди, у ерда ўзбеклар йўқлиги шубҳасиз
Машҳур Forbes журнали ёши 30 дан кам бўлган ва энг муваффақиятли ҳисобланган ёш тадбикорларнинг дунё рўйхатини эълон қилди. Тадбиркорликнинг 25 йўналиши (масалан, молия, илм, энергетика, ҳуқуқ ва сиёсат, музика, истеъмол технологиялари, cанъат ва стиль каби йўналишлар) бўйича ҳар бир йўналишдан 30 муваффақиятли тадбиркорниг исми, расми, ёши, қайси мамлакатдан эканлиги ва қилаётган ишининг бир жумлалик характеристикаси берилган.

Табиий, бизни бу рўйхатда ўзбеклар бор-йўқлиги қизиқтирарди. Аммо, биз айтаётган рўйхат оддий рўйхат эмас, 750 дона саҳифа бўлгани учун уларни битталаб кўриб чиқишни лозим топмадик. Сабаби – у ерда ўзбеклар йўқлигига бўлган ишончимиздир.

Бундай ишнчимиз қуруқ гап эмас. Шу йил 5 ноябрдаги “Жаҳон Банки ақлдан озмоқда: Битта ҳам расмий доллар миллионери йўқ Ўзбекистонда бизнес учун қулай шарт-шароитлар яратиш рейтинги юксалганмиш?” сарлавҳали хабаримизда Ўзбекистонда ҳали ҳам Совет замонидан қолган коммунистча маъмурий-бўйруқбозлик системаси ҳокимлик қилаётгани, Ўзбекистонда ҳеч қандай инсоний эркинликлар бўлмагани каби, бизнес учун ҳам эркинлик йўқлиги, шу сабабли Ўзбекистондек давлатда биронта кўзга кўринган бой, яъни инвестор йўқлигини кўрсатиб берган эдик.

Авваларидан бери айтиб келаётган хулосамиз ҳам аниқ: “Ўзбекистон ҳақиқий бозор иқтисодига ўтмагунча, бизда жиддий тадбиркорлик ва иқтисоднинг юксалиши ҳақида гапириш ҳам мумкин эмас. Ислом Карим Ўзбекистоннинг ривожланишини истамагани сабабли, жиддий хусусий тадбиркорликка йўл бермаган, минг афсуски, Шавкат Мирзиё ҳам шу сиёсатни давом эттириш ниятида эканлиги кўриниб турибди.”

Яна унутмайликки, яна ўша Форбес журналига кўра, аҳолиси 16-17 миллион атрофида бўлган Қозоғистонда 5 нафар доллар миллиардери, бойлиги 100 миллиондан кўпроқ, аммо миллиарддан камроқ бўлган 50 нафар (!!!) бизнесмен бор.

Хуллас, демоқчимизки, Ўзбекистонимизда кучли ёш табдиркорлар йўқ ва бўлолмайди. Бундай мамлакатнинг келажаги йўқ. Ҳа, дарвоқе, кимдир юқорида айтилган 750 ёш тадбиркор ичида ўзбек ҳам борлигини аниқлаб, бизни шарманда қилса, чин кўнгилдан хурсанд бўлган бўлардик.