26 October 2016
22:08 - Кун латифаси: Ўзбекистон тадбиркорлик фаолияти эркинликлари бўйича АҚШ ва Японияни ортда қолдирган эмиш
Кеча Жаҳон Банки томонидан эълон қилинган "Бизнес юритиш 2017: сифатни ва бошқарув самарасини баҳолаш" деб номланган рейтингида Ўзбекистон 190 давлат орасида 87-ўринни эгаллади. Корхонани рўйхатга олишда интернет орқали соддалаштирилган усул ва "ягона ойна" тизими йўлга қўйилганлиги самараси ўлароқ, корхонани рўйхатга олиш кўрсаткичи бўйича Ўзбекистон 17 поғона юқорига кўтарилди ва 25-ўринни эгаллади.

Бизнес юритиш жараёнлари тубдан ислоҳ қилингани боис бугунги кунда янги бизнесни ташкил этиш учун Ўзбекистонда Швейцариядагига нисбатан 1,8 баравар, Германиядагига нисбатан 1,9 баравар, Япония ва Россияга нисбатан 2 баравар, Исроилдагидан 2,2 баравар, Греция ва Испаниядагига нисбатан 2,3 баравар, Ҳиндистондан 4,7 баравар, Хитойдан 5,5 баравар ва Бразилиядагига нисбатан 14,5 баравар камроқ вақт сарфланар эмиш.

Корпоратив бошқарувнинг замонавий усулларини жорий этиш бўйича кенг миқёсли ислоҳотлар ўтказилиши, хусусий акциядорларнинг роли ва ҳуқуқларининг оширилиши Ўзбекистоннинг "Миноритар инвесторлар ҳимояси" рейтингида 18 поғона юқорилаб, 70-ўринни олишига сабаб бўлди. Ер участкалари ажратиш, қурилиш учун рухсат бериш, кадастр ҳужжатларини тайёрлаш борасида олиб борилган ислоҳотлар натижасида Ўзбекистон Жаҳон Банки рейтингида 2015-2016 йилда ер бошқаруви сифатини яхшилаш кўрсаткичи бўйича дунёнинг етакчи 17 мамлакати орасидан жой олди.

Жаҳон Банки ҳисоботига кўра, Ўзбекистонда солиқ юкламаси 38,1 фоизни ташкил этди, бу АҚШ, Германия, Франция, Италия, Австрия, Чехия, Испания, Греция, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Россия ва бошқа қатор давлатлардагига нисбатан сезиларли даражада паст дегани. Натижада Ўзбекистон корхонани рўйхатга олиш (25-ўрин), шартномалар ижросини таъминлаш (38), кредитлаш (44), миноритар инвесторларни ҳимоя қилиш (70), мулкни рўйхатга олиш (75) ва электр тармоқларига уланиш (83) кўрсаткичлари бўйича дунёдаги етакчи 100 давлат орасидан ўрин эгаллади, деб ёзмоқда “Жаҳон” ахборот агентлиги.