24 June 2016
21:07 - Тошкентда “Ўзбекистон” нашриёт-матбаа уйи тафтиш қилинмоқда
Нашриёт-матбаа уйида Ўзбекистон Молия вазирлиги назорат тафтиш бошқармаси, Бош прокуратура ва МХХ тафтишчиларидан тергов гуруҳи иш олиб бормоқда. Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан "Ўзбекистон" нашриёт-матбаа ижодий уйи директори Зоир Исажонов ҳамда нашриётнинг бошқа масъул ходимлари катта миқдордаги талон-тарожлик ва коррупцияда айбланиб, ҳибсга олинган.

Тергов органига кўра, нашриёт уйи маъмурияти давлат буюртмалари учун сарф-харажатлар сметасини сунъий равишда ошириб кўрсатиш йўли билан давлат бюджетига катта миқдорда зарар етказган. Шунингдек, нашриёт матбаа уйи полиграфия соҳасида ўзаро соғлом рақобат муҳитини бузиб, қонунбузарликларга йўл қўйган.

“Ўзбекистон” нашриёт-матбаа ижодий уйи матбаачилик соҳасига ихтисослашган энг йирик корхона бўлиб, мамлакат ҳукуматининг идеологик адабиётлари, тарғибий матбаа маҳсулотларини чоп этади. Шу йилнинг дастлабки ярим йилида бу ерда сифатли қоғоз ва матбаа хомашёси асосида олти юз номдан ортиқ дарслик, ижтимоий-сиёсий, адабий-бадиий китоблар, албомлар, турли босма маҳсулотлари, эллик номдан ортиқ газета ва журнал чоп этилган.