24 June 2016
20:19 - Ўзбекистонда “тез тиббий ёрдам” сифатининг пастлиги прокуратура тарафидан тасдиқланди
“Тез тиббий ёрдам” сифатининг пастлиги шу соҳа ишларини текширган давлатнинг Бош прокуратураси тарафидан иддао этилди. Ўтказилган тафтишлар давомида тез тиббий ёрдам хизмати вакиллари ўз вазифаларига лоқайдлик билан ёндашгани аниқланибди. Мамлакат бўйича 2014 йилда 182 мингдан ошиқ, 2015 йилда 158 мингдан ошиқ, жорий йилнинг биринчи чорагида 54 мингдан ортиқ чақирувлар белгиланган муддатдан кеч амалга оширилган.

Бундан ташқари, тизимни малакали мутахассислар билан таъминлаш, кадрлар танлаш ва тарбиялаш соҳасида ҳам қатор камчиликларга йўл қўйилган. Айрим муассасаларда эса санитария-эпедемиология талаблари бузилган. Масалан, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарёда дезинфекция воситалари етарли бўлмаса, Жиззах, Навоий, Самарқанд, Қашқадарё, Тошкент вилояти ва шаҳарларида стерилизация-дезинфекциялаш ишлари лозим даражада олиб борилмаган.

Текширувлар якунига кўра, 15 та жиноят иши қўзғатилган, 897 нафар мансабдор шахс интизомий, маъмурий ва моддий жавобгарликка тортилган, деб ёзади маҳаллий матбуот.

Ҳолбуки, тиббий муассасаларнинг ҳам оҳидан олов чиқади, дейди мухбиримиз. Масалан, бир ой тунги навбатчиликда турган шифокор доллар ҳисобида ҳатто 100 доллар ҳам маош олмайди. Ҳамширанинг маоши эса 30-40 доллардан ошган эмас. Шифохонанинг техник базаси ёқилғи-мойлаш материаллари, бензин билан таъминланмаган. Молия бошқармаси прокурорнинг рухсатисиз шифохонага пул бермайди, ўз навбатида прокуратура шифохоналарни айблаб, бу хабардан ҳам кўринаётгандек, ўзини ишлаётгандек кўрсатади.