27 October 2015
15:33 - Афғонистон-Покистон чегарасидаги ер қимирлашида ҳалок бўлганлар сони 300 дан ошди

Афғонистоннинг шимолий шарқий қисмида, Покистон билан чегарадош ерларда кеча пешин соатларида 7,5 баллик ер қимирлаши бўлгани, аввал 50, кейин 180 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳақида жаҳон ахборот воситаларига асосаланиб кечаёқ хабар қилган эдик. Ҳозир ҳалок бўлганлар сони 311 га чиққани Associated Press агентлиги тарафидан айтилмоқда. Ҳалок бўлганларнинг 237 нафари покистонлик, 74 нафари афғонистонлик экан. Ҳалок бўлганларнинг сони катта эканлигининг асосий сабабларидан бири сифатида ер горизонтал силкингани айтилмоқда. 1966 йилдаги Тошкент зилзиласида эса, ер вертикал силкинганди.

Зилзиланинг маркази Бадахшон вилоятининг маркази Файзободдан 75 км нарида бўлиб, у ерларга қутқарувчиларнинг ўз вақтида етиб бориши қийин бўлган. Балки, ҳали ҳам етиб борилмаган жойлар бўлса керак. У ҳолда ҳалок бўлганларнинг сони яна ҳам ортиши муқаррар. Бу вилоятда 1500 уй тамомийла вайрон бўлгани вилоят расмийлари тарафидан билдирилган.

Ер қимирлаш марказига энг яқин бўлган бошқа чет эллик мамлакат – Тожикистон, аниқроғи унинг Тоғли Бадахшон вилоятидир. У ерда баъзи ҳукумат бинолари ва хусусий уйлар арзимаган зарар кўрган бўлса ҳам, ҳалок бўлганлар йўқ. Бу алабатта севинтирувчи хабар.