27 October 2015
08:06 - Ўзбеклар билмайдиган воқеалар: Бугун Ўзбекистон номли давлат тузиш қарори Москвада олинганига 91 йил бўлди
Ҳа, ростдан ҳам бу воқеаларни ўзбекларнинг кўпчилиги билмайди, чунки, ўзбекларни кўпчилигининг на ўз тарихи на ўз келажаги билан иши бор. Аслида, билиш керак, бу кун Ўзбекистоннинг давлат сифатида ўртага чиққан кунидир. Аммо, давлат тузиш қарорини ўзбеклар эмас, Москва чиқарган. Тўғрироғи СССР Бутуниттифоқ Советлар Съездининг Марказий Ижроия Комитети СССР таркибида Ўзбекистон ва Туркманистон давлатлари яратиш хусусида қарор чиқарди.

Шу қарор доирасида ҳали йўқ давлатнинг парламенти сайланди ва 1925 йил 2-3 май кунлари ўтказилган Олий Совет мажлисида Ўзбекистон Совет Социалистик Рспубликаси номли давлат тузилди ва у МУСТАҚИЛ давлат сифатида СССРга кирди. Ўзбекистон ССРнинг ҳукумати таркибида Мудофаа ва Ташқи ишлар вазирликлари бор эди. Яъни, ўшанда Ўзбекистон феълан Мустақиллик декларациясини, тўғрироғи, давлат сифатидаги биринчи Декларациясини қабул қилган эди.

Кейинчалик ҳақиқий мустақилликка эришиш учун Ўзбекистон СССРдан чиққанини эълон қилиши керак эди. Аммо, ҳеч қачон ундай бўлмади. 1990 йил 20 июнда Суверенитет Декларацияси, 1991 йил 31 август куни Мустақиллик Декларацияси қабул қилинди. Ваҳолангки, Конституцияга кўра аввалдан мустақил давлат эдик.

1991 йил 8 декабрда СССРни тузган 4 та республикадан учтаси – Россия, Украина ва Белорусия – 1 декабрда Украина референдум йўли билан СССРдан чиққани сабабли - СССРни тарқатиб юборди. Айнан шундан кейин Ўзбекистон ҳам ҳақиқий мустақил давлат бўлиб қолди. Яъни 8 декабрь куни ҳақиқий мустақиллигимиз кунидир.

Ўзбеклар ўз тарихлари ва келажаклари билан қизиқадиган кунлар келгандан кейин, Ўзбекистон давлатининг асосий байрами қайси кун эканлиги ҳақида қарор қабул қилсалар керак. Аммо, бугун тарихда биринчи марта Ўзбекистон давлати тузиш йўлида биринчи қадам қилинган кунлигини унутмайлик. Буни унутсак, масхарабоз миллат бўлиб қолаверамиз.