30 July 2015
09:47 - Исроил ўз ишғоли остидаги Ғарбий Соҳилда яҳудийларга 300 уй қуришга рухсат берди, АҚШ бунга қарши
Исроил ҳукумати 1967 йилдаги уруш пайтида босиб олинган, аммо БМТнинг 1948 йилдаги қарорига кўра Филистин давлатиники бўлиши керак бўлган ва Ғарбий Соҳил деб аталадиган ерларда яҳудийлар учун 300 уй қуришга рухсат берди, дейилади Reuters агентлигининг хабарида. Исрол Олий Суди айнан шу ердаги икки бинони ноқонуний қурилгани сабабли бузиб ташлаш ҳақида қарор чиқарган эди.

Ҳозир Филистин давлатининг маъмурий маркази ҳисобланадиган Рамаллаҳ шаҳридан 13 км узоқликда қуриладиган жой Исроилнинг пойтахти Қуддус (Иерусалим) шаҳрининг шарқий қисмига ёпишади. Аслида, БМТнинг яна ўша 1948 йил қарорига мувофиқ Шарқий Қуддус Филистин давлатининг пойтахти бўлиши керак эди. Ҳозир аҳвол шундайки, Исроил Қуддуснинг ҳаммасини ўзиники қилиб олган, мана энди шаҳарнинг араблар тарафига ёпишган жойларини ҳам де-факто яҳудийлар яшайдиган жой қилиб қўймоқчи.

АҚШ Исроил ҳукуматининг бу қароридан ва Шарқий Қуддусда олиб борилаётган катта қурилишлардан ҳам чуқур ташвишда эканлигини билдириб, бу ҳақда Давлат Департаментининг баёнотини эълон қилди. Баёнотда Исроилнинг бу қарори “икки давлатли ечим йўли” учун таҳдид эканлиги таъкидланади ва Исроилни араблар билан музокаралар олиб боришга чақиради.

Аслида, Исроил ҳеч қандай музокаралардан қочаётгани йўқ, дейди мухбиримиз, аммо ўзи танлаган йўлдан чекинмоқчи ҳам эмас. Унинг танлаган йўли – Қуддусни тўлалигича ўз пойтахтига ва Қуддуснинг атрофини ҳам яҳудийлар яшайдиган манзилларга айлантириш.

Эслатиб ўтамиз, АҚШ 2014 йилнинг охирги куни БМТнинг Хавфсизлик Кенгашида Филистин тарафидан киритилган қарор лойиҳасига вето қўйиб, уни ўтказтирмаган эди. Қарор лойиҳасида Исроил 1967 йил чегараларига қайтиши, ўша йили босиб олинган Ғазо, Ғарбий Соҳил ва Шарқий Қуддусдан ўз армиясини 2017 йилнинг охиригача олиб чиқиб кетиши ва пойтахти Шарқий Қуддус бўлган Филистин давлатини тан олиши кўзда тутилган эди.