30 July 2015
18:31 - Толибон ўзига янги раҳбар сайлабди, исми Актар Муҳаммад Мансур

Reuters Агентлиги Толибоннинг номи келтирилмаган иккита ҳарбий қўмондонига асосланиб ҳозиргина хабар қилишича, Толибоннинг феълан марказига айланган Кветта шаҳрига яқин бир жойда бугун бу ташкилотининг Кенгаши (Шўроси) йиғлиб, Мулла Умардан кейин иккинчи шахс ҳисобланган Актар Муҳаммад Мансурни раисликка сайлабди. Бу икки қўмондондан Мулла Умарнинг ўлиб-ўлмаганлиги ҳақида сўралганда, улар “Янги раҳбар сайладикми, шундан хулоса қилаверинг” деб жавоб беришганмиш.

АҚШ, Афғонистон ва Покистон расмийлари Мулла Умарнинг ўлгани ҳақидаги хабарларни тасдиқлашган, аммо буни исботловчи биронта аниқ ишонарли факт кўрсатишмаган эди. Афғонистонда инглиз тилида ишлайдиган, кўринишидан, ҳукуматники бўлган tolonews.com сайтида Мулла Умар 2011 йил 13 май куни ўлгани айтилганмиш.

Мана энди Мулла Умарнинг ўрнига Актар Муҳаммад Мансур келибди. Унинг келажаги ҳам Мулла Умарники каби бўлади. Қолаверса, Толибон, ИШИД ва бошқа террористик гуруҳларнинг келажаги ҳам бир хил бўлади, улар йўқ қилинади.

Аммо, уларнинг ўрнига бошқалари чиқаверади, ислом терроризми ўлмайди, чунки, унинг илдизлари ислом динининг ўзида, аниқроғи, Қуръоннинг хато тафсиридадир. Ислом терроризмини бутунлай йўқ қилишнинг ягона йўли – Исломда фундамента ислоҳотлар ўтказиш, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини тан олишига эришиш. Айни замонда, Ислом динининг ягона фарзи имон деб тан олиниши, 5 маҳал номоз, рўза, ҳаж ва закот – қилинса савоб, қилинмаса гуноҳ бўлмаган амалиётларга айлантирилиши керак.