20 July 2014
01:04 - “Ҳаракат” хатқутисига Константин Симоновдан келган мақола Сталин ҳақида эмас, Ислом Карим ёки Владимир Путин ҳақида бўлсайди
Сайтимизнинг хатқутиси ҳам ишлаб қолгани қувончли воқеа. Ҳамма ўқувчиларимиздан хабарлар, мақолалар ва мактублар кутамиз. Аммо, уларнинг ҳаммасини сайтимиз саҳифаларида эълон қилавериш ниятимиз йўқ. Гап ички цензурамиз бор-йўқлигида эмас. Бизда цензура йўқ. Истаган одам “Ҳаракат”ни ҳам, “Бирлик”ни ҳам, Абдураҳим Пўлатни ҳам танқид қилиш ҳаққига эга. Ҳар қандай материални эълон қилишга тайёрмиз. Аммо,...

Аммо, бизга келган хабар, мақола ёки хат кунимизнинг актуал мавзуларига боғлиқ бўлиши керак. Кеча хатқутимизга машҳур рус ёзувчиси Константин Симоновнинг тўла адаши бўлган Константин Симоновдан келган хат Иосиф Сталин ҳақида. Табиий, Сталинни ёмонловчи мақола. Ҳозир кимнинг иши бор Сталин билан? Уни танқид қилавериб, танқид қиладиган жойи, ёмонлайвериб ёмонлайдиган жойи қолмади-ку.

Агар Константин Симонов замонавий диктаторлар, масалан, Ислом Карим ёки Владимир Путин ҳақида мақола ёзиб, уларнинг Сталин билан ўхшашликларини, ростдан ҳам бор бўлган ўхшашликларини ёзса эди, ҳамманинг диққатини ўзига тортган бўлар эди. Ҳозир қоп-қора қилиб бўлинган Сталинни қоралаб кимнингдир диққатини ўзига тормоқчи бўлиш соддалик ҳам эмас, аҳмоқликдир.

Айнан шу сабабдан Константин Симоновнинг Голландия пойтахти Амстердамдан юборган “Агент царской охранки по кличке СТОЛ” мақоласини четга суриб қўйиш билан чекландик. Муаллиф бечоранинг меҳнати бекор кетмасин дея, мақолага илова қилинган расмни эътиборингизга хавола қилмоқдамиз.