10 April 2010
23:47 - Ўзбеклар ҳам митинг қилмоқда... Қирғизистонда
Reuters агентлигининг хабарига кўра, Жалолободда бугун бўлган тахминан беш минг кишилик митинг қатнашчиларининг асосий қисми ўзбеклар эди. Улар ҳаммани мамлакатда сокинлиикни сақлашга, Боқиев ва унинг тарафдорларини янги ҳукуматга қарши чиқмасликка чақирганлар.

Бир пасда машҳур бўлиб кетган ўзбекларнинг Жалолободдаги жамияти раҳбари Қодиржон Ботиров Reuters мухбирига шундай дебди: “Боқиев ва унинг укалари ўз тарафдорларини тўплаб, қаршилик кўрсатишмоқчи, шимол ва жануб ўртасини бузишмоқчи. Аммо мақсадларига эришолмайдилар. Уларни орқасидан борадиганлар кўп эмас.”

Хуллас, ўзбеклар тинчлик-тотувлик тарафдори, вақтли ҳукумат тарфдори. Воқеаларга принципиал баҳо бериш, ўзбеклар жамоасига қайси ҳукмдор яхшию қайсиси ёмонлигини анлиз қилиш деган нарса йўқ. Янги ҳукумат нимаси билан Бақиевдан яхши бўлишини ўйлаш, янги ҳукумат олдига талаблар қўйиш ҳам йўқ. Нима учун Россия янги ҳукуматни бунчалик қўллаб-қувватламоқда, деган савол эса ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келмайди.

Қолаверса, шунча ўзбекнинг митингга чиқиши шубҳали. Бишкекда ҳамма нарсани бир неча юз кишилик митинглар ҳал қилган экан, Жалолободдаги ўзбекларнинг бунчалик фаоллигининг сири қаерда? Ҳарҳолда, буйруқ келган, митинг уюштирилган.

Ҳозир Боқиев тўсатдан ҳокимиятга қайтиб, бошқача митинг ўтказиш буйруғини берса, ўзбеклар у ерга ҳам чиқади. Мухолифатни, яъни, ҳозирги вақтли ҳукумат тарафдорларини, жим ўтиришга чақиради.