10 April 2010
13:08 - Бишкекга ЕХҲТ вакили келди, вақтли ҳукумат Қурмонбек Боқиевга қочиш имкони бермоқчи
Кеча Қирғизистондаги воқеалар билан жойида танишиш учун ЕХҲТнинг махсус тайинланган вакили Бишкекга келди. Қозоғистон ЕХҲТга раислик қилаётгани сабабли, бундай вакил қилиб Қозоғистон парламентининг вице-спикери Жонибек Карибжонов тайинланган.

Жонибек Карибжонов Бишкекда вақтли ҳукумат раҳбари Роза Отумбаева билан учрашди ва Қирғизистонда жиддий ҳуқуқий муаммо борлигини айтиб, уни муҳокама қилиш учун бу ерга БМТ Бош котиби ва Европа Иттифоқи Парламентар Ассамблеяси раисининг махсус вакиллари келишини билдирди. Табиий, у “ҳуқуқий муаммо” деб, вақтли ҳукуматнинг ваколатлари қонуний эмаслигига ва президент Боқиевни лавозимидан олиш учун ҳеч қандай асос йўқлигига имо қиларди.

Шундан сўнг, Роза Отумбаеванинг риторикаси ўзгарди. У Қурмонбек Боқиев устидан жиноий иш очиш ва уни суд қилиш ҳақидаги гапларини тўхтатди. Жонибек Карибжонов билан учрашув натижалари бўйича матбуот конференцияси ўтказган Роза Отумбаева: “Қурмонбек Боқиев мамлакатни тарк этиш имкониятига эга. У ўзининг президентлик ваколатларидан воз кечса, биз унинг хавфсизлигига кафолат берамиз” деб қолди. Аммо, президентнинг икки ўғли қон тўкишга буйруқ берган ва 75 кишининг ўлимига сабабчи бўлган кишилар сифатида жавобгарликка тортлишини алоҳида урғулади.

Вақтли ҳукумат раҳбари “Боқиевнинг давлат қатағон машинаси” қилган жиноятларни текшириш учун халқаро комиссия тузишга ҳам чақирди.

Ҳам давлат ҳам мустақил ахборот агентликларининг хабарига кўра, Бишкекда секин аста тартиб ўрнатилмоқда. Халқ дружиначилари Оқ Уй ва Ҳукумат уйини қўриқлашмоқда. Боқиев тарафдорлари реванш олиш учун тайёрланишаётгани ҳақида гап-сўзлар бор, аммо буни тасдиқлайдиган фактлар ҳали йўқ.

Янги ҳукумат сиёсий соҳадаги стратегик режаларини очиқлади – ярим йил ичида янги конституция қабул қилинади, парламент сайловлари бўлади, Қирғизистон парламентар республикага айланади. Иқтисод соҳасида янги ҳукуматнинг ҳеч қандай режаси йўққа ўхшамоқда. Кўринишидан, Роза Отумбоева ва сафдошлари Россиянинг иқтисодий ёрдамини, аниқроғи, Путиннинг буйруқларини кутишмоқда. Парламентар диктатура ҳам шу буйруқлар асосида яратилса керак.

Қолаверса, кучли партияларсиз кучли парламент, кучли парламентсиз эса ҳеч қандай демократия бўлмайди. Қирғизистондаги янги ҳукуматнинг ҳақиқий раҳбари Владимир Путин истаса, аллақачон шу принципни Россяида ҳаётга жорий қилган бўларди. Балки, у ишни Қирғизистондан бошламоқчидир.

Кейин гал Ўзбекистонга келади. Москвда буйруқ кутиб ўтирадиган “Бирлик” Партиясини кўз олдингизга келтира оласизми?