09 April 2010
03:47 - Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги: “Қирғизистондаги ҳодисалар мамлакатнинг ички иши...”
Қўшни Қирғизистондаги вазият борасида Ўзбекистон ҳукумати ниҳоят тилга кирди. Бугун Ўзбекистон Ташқи ишлари вазирлиги номидан тарқатилган бир парча баёнотда қўшни давлатдаги ҳодисаларнинг аввало мамлакатнинг ички иши экани, уни мамлакат ҳукуматнинг ўзи ҳал қилиши лозимлиги айтилади. Мамлакатда юзага келган сиёсий таранглик муроса ва тинч йўл орқали бартараф этилиши, Ўзбекистон томони қардош қирғиз халқининг иродасига ишониши таъкидланади.

Лекин Қурмонбек Боқиев “Эхо Москвы” берган интервьюсидадан маълум бўлган факт, яъни, Ўзбекистон президенти Ислом Каримнинг кеча қирғиз ҳамкасбига телефон қилгани бу баёнотда тилга олинмайди.

Қолаверса, Қирғизистон билан чегарасини аллақачон ёпиб олган Ўзбекистон ҳукуматининг бу мамлакатга нисбатан сиёсатини англаш мушкул, дейди мухбиримиз.