04 June 2009
19:50 - Барак Обама Ислом дунёси билан алоқаларни мавҳум “янги бошланишдан” давом эттиришга чақирди
Бугун Миср университидаги нутқида АҚШ президенти Барак Обама, олдиндан эълон қилинганидек, ўз мамлакатининг Ислом дунёси билан муносабатлари ҳақида гапирди ва бу муносабатлар яхши эмаслигини тан олиб, томонларнинг манфаатларини ҳисобга оладиган ва ўзаро ҳурматга асосланган “янги бошланиш” таклиф қилди.

Обаманинг мақсади Афғонистон ва Ироқда бошланган урушдан кейин АҚШнинг мусулмон дунёсида бузилган имижини яхшилаш эканлиги маълум эди. Шу маънода, унинг нутқи ҳеч нарса ўзгартирмади. У Филистин-Исроил ўртасидаги зиддиётни ҳал қилиш бўйича ҳам ҳеч бир таклиф киритмади, деб хабар беради Reuters агентлиги.

Қисқа қилиб айтиш мумкинки, дейди “Ҳаракат”нинг мухбири, АҚШ президентининг мусулмон дунёсига мурожаатида ҳеч бир янгилик йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмасди. Чунки АҚШ-Ислом Дунёси ва кенгроқ маънода Ғарб-Ислом дунёси конфиликтининг асосида Афғонстон ва Ироқдаги урушлар эмас, Филистин-Исроил муаммоси ва Ислом дунёсининг демократик ўзгаришларга ҳозир эмаслиги, Ислом дунёси демократияни Ғарб қадриятлари сифатида кўраётгани ва уни қабул қилишни истамаётгани ётади.

Аслида, АҚШ ва Ғарбнинг биттагина йўли бор. У ҳам бўлса, “Бирлик” Партияси раиси Абдураҳим Пўлат таклиф қилган политехехнология усулини қўллаш, яъни демократия Ғарб қадриятларининг мажмуаси эмас, жамиятни бошқаришда бугуннинг энг самарали воситаси эканлигини, восита диний бўлолмаслигини урғулашга асосланган пропаганда бошлаш ва Ислом дунёсида етишиб келаётган демократия тарафдорларини қўллаб-қувватлашни яна ҳам юксакроқ даражада давом эттириш.