04 June 2009
00:53 -
Кредит карталардан вой-дод!

Бу қарордан олдин ўқитувчилар маошларини 5-6 ойдан кейин зўрға олардилар. Лекин, тан олиш керак, ойликликни шахсий банк ҳисобига ўтказиш бошланганидан кейин, ойлик маошлари ўз вақтида банкдаги ҳисоб рақамига келиб тушадиган бўлди. Энди ҳисоб эгаси ўзининг кундалик харажатлари учун кредит картасини ишлатиши ва кейин кредит картасидаги қарзини банкдаги ҳисобидан тўлаши имкониятига эга бўлди.
Лекин амалда бу схема ишламайди. Чунки, масаланинг иккинчи томони бор: Кредит картани бармоқ билан саналса бўладиган жойлардагина ишлатиш мумкин. Ўзбекистон шароитида салкам ҳамма жойда нақд пул тўлаш керак. Банкда етралича пули бор одам эса, ҳисобидаги пулни нақдга айлантириш имкониятидан маҳрум.
Кредит карта эгалари шахсий банк ҳисобидаги ўз пулларини нақд пул қилиш учун мурожаат этишса, “ҳозир нақд пул йўқ” жавобини олишади. Оддий бозорда фақат нақд пулга бирон нарса сотиб олиш мумкин. Бозордаги савдогар тўлов воситаси сифатида кредит картасини қабул қилмайди, уни тан олмайди, қолаверса, унинг кредит картдан пул оладиган аппарати ҳам йўқ..
Нақд пулга муҳтож бўлганлар нима қилмоқда? Улар ўз зарарига бўлса хам виртуал пулларни нақд пулга айлантириш йўлларини топишмоқда. Бу йўллардан бири - Ўзбекистонда кенг тарқалган электрон тўловлар системасидан фойдаланиш. Масалан, одам ўз кредит картасидан 100 000 сўмни PayNet ситемаси орқали гўёки кўрсатилган телефон хизмати учун тўлайди, PayNet 20 минг нақд фойдани чўнтакка уриб, кредит карта эгасига 80 000 сўм нақд пул беришади.
Албатта, савол туғилиши мумкин шу операцияни банкнинг ўзи қилса бўлмайдими? Йўқ бўлмас экан, чунки банкадагилар майда пуллар билан шуғулланишмайди. Банклар энг камида 10 000 000 сўм пулни нақд пулга айлантириш билан шуғулланишади ва у ҳолда банкдагилар “ёрдам учун 20 фоизли ўз улушини” (одамлар бу улушни русчасига“Откат” дейишади) ўзларига олишади.
Яна бир нарсани билиш керакки, кредит картага маҳсулот сотадиган магазинларда 2500 сўм турадиган пахта ёғи 4500 сўмга сотилади. Бу - одамларни кредит картадан бездирадиган яна бир фактордир.
Ҳозирда пенсиялар хам шахсий банк рақамларига ўтказиладиган бўлди. Энди қариялар хам нақд пулсиз қолишди.