31 May 2009
11:26 - Барак Обама Оқ уйда киберхавфсизлик бўйича махсус лавозим яратмоқчи
Авваламбор айтиш керакки, “киберхавфсизлик” каби сўзларда ишлатиладиган “кибер-” қўшимчаси асосий сўзга, ҳозирги мисолимизда “”хавфсизлик” сўзига, замонавий компютерлар ва Интернет билан боғлиқликни кўрсатувчи янги маъно беради. Яъни, киберхавфсизлик, компютерлар ва Интернетнинг ишлатилишидан келиб чиқадиган хавфсизлик демакдир. Компютерлар ва Интернет ҳозир ҳар бир одамнинг ҳаётига ҳамма нарсадан кўпроқ кириб бораётгани учун, бу соҳада қилинаётган жиноятларнинг салмоғи, уларнинг жамиятга таъсири кун сайин ортиб бормоқда.

Жума куни АҚШ президенти Оқ Уйда ўз маъмуриятининг ходимлари билан учрашувда киберхавфсизлик масалалари билан шуғулланадиган одам учун юксак даражали махсус лавозим очилишини билдирган. Айни замонда, бундай лавозим очишдан мақсад хусусий интернет компанияларини назорат остига олиш эмас, бу соҳада турли “тешиклар” топиб, жиноят содир қилаётганларга қарши курашиш эканлигини у алоҳида урғулаган.