24 April 2023
11:32 - Юсуф Жума: ЭРЎҒИЗ ДОСТОНИ
Эрўғиз йигитнинг эшигига ўғиз тўпори ёшуллилари тўпланди. Эрўғиз, Сун юртига жон тикарга кетаётган экансан. Бир сулув учун. Бойкент сулувкент бўлса, бир қўркли деб жон тикасанми?! Сен жон тикаётган жонон қанчадан - қанча йигитлар бошини еган. У учун олиша - олиша кўп жасур йигитлар ўлган. Энг сўнгги енгган ҳозирликча тирик, уни ҳам кимдир ўлдирса, ўлдирганга қарши яна кимдир чиқади. Сўнгги кўринмаяпти, сен ўйлаб кўр деб биз йиғилдик. Отанг юрт учун жон тиккан эди. Онангни ёлғиз ташлаб кетма, айрилиққа дош беролмайди – деди ёшулли Қиличбек.

Эрўғиз бурун Қиличбекка, кейин барчага бош эгиб деди: Отам ўрнидаги оталарим, қулуқ Сизга, онамга куйинганинггиз учун қуллуқ, бироқ очунда жон тикар бўлаётган экан, ботир ўғиз элидан битта жон тикар бормас экан, ўғиз ўғиз бўлдими?!

Ўғизларим, азизларим, унутманг,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!
Мардоналик - Тангри йўли, тарк этманг,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!

Жон тикмасдан топилган шон шон эмас,
Жон тикмасдан тож кийган хон хон эмас,
Жон тикмасдан яшаган жон жон эмас,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!!!

Очундан тор бўлса юртинг юрт эмас,
Очундан тор юртга кўнган мард эмас,
Ботирлик - эр, ўзга эрлар чўт эмас,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!

Жон тикишдан қўрқанлар қул бўлади,
Жон тикканлар мардона эл бўлади,
Ёғий боши йўлига гил бўлади,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!

Жон тикаман - кўкрагимни кераман,
Гар енгилсам мардона жон бераман,
Ер остига оқ юз билан кираман,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!

Эр билади жон тикишнинг гаштини,
Ёв бошида тоғ этади муштини,
Борлиқ билан тенг этади юртини,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!

Кунчиқарда дам урса эр боласи,
Кунботарда тўғилар ой пораси,
Кўк - онаси, жон тикишдир - отаси,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!!!

Кунботарда дам урса эрлар эри,
Кунчиқарда тўғилар кун - кўк қўри,
Ботир ўтганда ҳам Тангрида тўри,
Жон тикмасдан олган ёринг ёр эмас!!!

2023 йил, 22 апрель.

(Давоми бор)