26 June 2019
07:42 - Ҳаммаёқ масхарабозлик: Ўзбекистонда оммавий ахборот воситалари гўёки тўртинчи ҳокимиятга айланаётгани ҳақида Австрияда ЕХҲТга ҳисобот берилибди

Ўзбекистон Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги директори Комил Алламжонов ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида тарқатган баёнотда айтилишича, Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги делегацияси шу кунларда Австиряга келиб, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги масалалари бўйича вакили Арлем Дезир билан учрашибди.

Учрашувда Ўзбекистондаги ислоҳотлар йўналиши ва кўлами, жумладан, оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишлар батафсил муҳокама қилинибди ва давлат раҳбари томонидан мамлакатимизда сўз эркинлиги ва ОАВ ривожига алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳамда Ўзбекистон ОАВни амалда ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айлантириш йўлида экани билдирилибди.

Тўғри, ҳозир Ўзбекистонда сўз эркинлиги масаласи кун тартибига олиб чиқилди, аммо, оммавий ахборот воситаларининг баъзиларида ҳукумат ва жамиятдаги баъзи жузъий камчиликлар тилга олинмоқда. Лекин, ҳали ҳеч ким бирон марта ҳам, масалан, Шавкат Мирзиёнинг ишларидан танқидга сазовор нарса топмолмагани ва баъзи оммавий ахборот воситалари баъзи жузъий камчиликларни тилга олиш билан чекланаётганлари баёнотда тилга олинмаган.

Энг қизиғи, бу чорак саҳифалик қисқа баёнотда айтилишича, Ўзбекистон ҳудудида фаолият юритаётган маҳаллий ва хорижий журналистларининг мамлакат қонунлари ҳамда халқаро этика меъёрлари, стандартларига риоя этиши масалалари ҳам муҳокама қилинибди ва ижтимоий ҳамда маиший масалаларга қасддан сиёсий тус бериш, ёлғон йўли билан ва фактларни текширмасдан нотўғри маълумотларни узатадиган “Озодлик” радиосининг ўзбек хизматига алоҳида эътибор кўрсатилибди.

Эслатиб ўтамиз, бундан бор-йўғи 1 ҳафта аввал, аниқроғи, 19 июнда Ўзбекистон Олий Судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати “Оzodlik” радиоси 2019 йил 26 март куни “Bugun.uz” телеграмм каналида Наманган шаҳар маъмурий суди раиси Ж.Ҳусенов 27 декабрда маҳаллий тадбиркор Сайдулло Эргашев фойдасига чиқарган ҳукмини орадан икки ой ўтиб ўзи қайта кўриб чиққани ва ўзи бекор қилгани ҳақида танқидий хабар тарқатганидан норози бўлиб, суд системасини оқлашга ҳаракат қилган эди.

“Ҳаракат” Агентлиги Олий Суднинг бу иши устидан кулиб, “Оzodlik” ва ББС каби радиоларнинг ўзбекча хизматлари жузъий масалалар бўйича танқидий хабарлар тайёрласалар ҳам, ватан ва халқимизнинг ФУНДАМЕНТАЛ МУАММОЛАРИ билан умуман қизиқмаслигини урғулаган, Ўзбекистоннинг фундаментал муаммоларини ёритиш ва уларни ҳал этиш йўлларини кўрсатиш билан машғул бўлган “Ҳаракат” Агентлигининг хабарларини ўқиш кераклигини таъкидлаган эди.

Мана энди кўриниб турибдики, Олий Суднинг “Оzodlik” радиосига ташланишидан мақсад - Ўзбекистон Ахборот ва Оммавий Коммуникациялар Агентлиги делегацияси Австрияга борганда, чет эллик ахборот воситаларининг камчиликларини кўрсатишга мисол яратиш бўлган экан.

Лекин, муҳим бўлгани, Ўзбекистон делегацияси Австрияга борганда биздаги воқеаларни ёритишда маҳаллий қўғирчоқ ахборот воситалари яхши, яъни камчиликларсиз ишлаётганларини аниқ мисоллар билан кўрсатолмаган.

Бу хабарга қўйилган расм ҳам Комил Алламжоновнинг Фейсбукдаги саҳифасидан олинган. Чап қаторда ўтирган аёл - Шавкат Мирзиёнинг катта қизи, яъни Комил Алламжоновнинг ўринбосари Саида бўлса керак.