25 June 2019
22:47 - Яна масхарабозлик: Шавкат Мирзиё жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги натижаларига бағишланган йиғилиш ўтказибди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг расмий веб-сайтида Шавкат Мирзиё 25 июнь куни мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган ишлар, бу борада жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида кутилаётган натижалар ва сифат ўзгаришларини таҳлил қилишга бағишланган йиғилиш ўтказгани хабар қилинган.

Энг қизиғи, бу йиғилишда кимлар қатнашгани умуман тилга олинмаган. Аммо, расмга қараганда, у ерда Бош вазир Абдулла Арипов ҳам бор эди. Демак, асосий рақамларни у тилга олган. Мана ўша рақамлар: “Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунлари бўйича мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти 5,4 фоизга, саноат маҳсулоти ишлаб чиқариш ҳажми 7 фоизга, қурилиш-пудрат ишлари 9,6 фоизга ва хизматлар ҳажми 13,9 фоизга ўсиши кутилмоқда. Ушбу натижаларда, аввало, ўзлаштирилган инвестициялар қарийб 1,5 баробар ўсгани энг муҳим омил бўлгани алоҳида таъкидланди.”

Қаранг, мамлакатнинг Ялпи Ички Маҳсулоти жорий йилнинг биринчи яримида 5,4 фоизга ортибди. Буни олқишлаш керак. Аммо, нега Ялпи Ички Маҳсулот ҳажми сўм билан айтилганда қанча бўлгани тилга олинмаган? Ўзбекистонинг 2019 йилга Ялпи Ички Маҳсулоти Олий Мажлис тарафидан қанча қилиб белгилангани ўз вақтида эълон қилинмаган эди, буни биров биладими?

Яна қаранг, ўзлаштирилган инвестициялар қарийб 1,5 баробар ўсган эмиш. Қашшоқ ва қолоқ Ўзбекистонда бундай ўсиш бўлиши мумкинлигига аҳмоқ ҳам ишонмайди. Балки, бизда инвестициялар шунчалик озки, уларнинг 1,5 баравар ошгани ҳақида гапириш кулгилидир. Балки, бу умуман ёлғон рақамдир.

Президентнинг веб-сайтидаги қисқа хабарда айтилишича, Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудлар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланибди. Ҳар бир тармоқ ва ҳудудни ривожлантириш бўйича кўзланган марралар ва аниқ вазифаларнинг сўзсиз ижросини таъминлаш учун тегишли раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш чоралари белгиланибди. Аммо, на ҳисоботлар, на тегишли раҳбарларнинг шахсий масъулиятини ошириш чоралари нимадан иборатлиги умуман тилга олинмаган.

Қолавеса, Ўзбекистондек давлатнинг ярим йиллик аҳволига Вазирлар Маҳкамасининг ҳамма аъзолари, ҳамма вилоят ва шаҳар ҳокимларининг иштирокисиз, тўла баҳо бариб бўладими? Балки, бугунги йиғилиш ҳамма вазирлар ва ҳокимларнинг селектор шаклидаги иштироки бўлган бўлган, аммо хабарчилар буни хабар қилишни унутишгандир.

Хуллас, қаёққа қараманг, ҳамма ёқда масхарабозлик ва шармандалик.

Ҳурматли ўқувчиларимиз, кўраяпсизми, бунақа йиғилишлар билан Ўзбекистонни ўлимга судрашмоқда. Демак, халқ майдонларга чиқиб, жорийдаги режимдан ватан ва миллат муаммаолари билан жиддий шаклда шуғулланишни, Ўзбекистонда фундаментал сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилиши керак. Бундай ислоҳотлар натижасидагина Ўзбекистонни сиёсий маънода демократик, иқтисодий маънода тўла бозор иқтисодиётига асосланган давлатга айлантириш мумкин бўлади.

Ана ўшанда ҳақиқий фаровонликка эришамиз, чет элларда ишлаётган миллионлаб ватандошларимиз Ўзбекистонга қайтишга бошлайдилар.