17 October 2018
14:03 - “Ҳаракат” хатқутисига келган уй-жой қурилишлари ҳақида вой-дод хати ва “Ҳаракат”нинг ундан ҳам даҳшатли жавоби

“Ҳаракат” хатқутисига келган вой-дод хати: Президентимиз уй-жойлар нархини туширтирди, хом ашёлар нархи эса, ошиб кетган. Нима қилайлик?

Исмини очиқлашимизни истамаган Тошкент вилояти Тошкент туманидаги ўқувчимиздан келган жуда батафсил ва узун хатнинг маъноси шундай. Мен тадбиркорман, курилиш соҳасида фаолият юритаман, дейди у. Ҳозир бизда 420та тадбиркорнинг тақдири ўйин бўлаяпти. Ислом Тараққиёт Банкидан олинган пуллар ўйин бўлиб кетди.

Президентимиз улуғ иш қилиб, уй-жойларнинг нархини туширтирдилар. Нархнинг тушиши уй-жой харидорларининг мушкулини осон қилишга хизмат қилиши керак эди. Айнан шу сабабдан уй-жой қурилиши бўйича сметалар паст нархда белгиланган. Сметада, масалан, ғиштнинг нархи 390 сўм, бир куб бетон 110 сўм, плита 460минг сўм деб белгиланган.

Аммо, амалда, мамлакатимизда қурилиш материалларининг сони жуда қиммат. Ғиштни 11000 сўмдан, бир куб бетонни 450 минг сўмдан, плитани 1 милион 200минг сўмдан сотиб олиш керак бўлади. Шунга ўхшаш 23 хил хомашёнинг нархи сметадагидан 2 бараварча юқори. Кўраяпсизки, маҳаллий хомашёнинг нархи арзон деб смета тузилган, аммо амалда нархлар 2 баравардан ҳам юқори. Шу сабабли, ўзлари қурдираётган уй-жойининг нархи сметадагидан жуда юқори бўлиб кетишидан қўрққан қурувчилар қурилишларини тўхтатиб қўйишга мажбур бўлмоқдалар.

Ислом Тараққиёт Банки ажратган пуллар жойига ишлатилмаяпти. Дунёда ҳеч бир мамлакатда ИТБ алданмайди. Бизда эса, кўз бўямачилик билан пул олинаяпти.

Қурилишни тўхтатиб қўйган қурувчиларни эса, бўйнига катта сумма қўйиб қамаб юборишмоқда. Прокуратура қурувчилар айбдор эмаслигини билади, аммо чуқурроқ текшириш ўрнига, молиявий тарафга эътибор берилади ва хуллас тадбиркор бўйнига сиртмоқ тортилади.

Вой-дод, нима қилайлик? Хомашёларнинг нархи амалда юксак эканлиги, қурувчи айбдор эмаслиги, у давлат пулини еб қўймаётгани ҳисобга олиниб, бу вазиятдан чиқиш йўлини, яъни муаммоанинг ечим йўлини топса бўлмайдими? Бизга ёрдам берадиганлар борми?

“Ҳаракат”нинг жавоби: Ётиб қолгунча, отиб қолайлик! Шавкат Мирзиёдан фундаментал сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни талаб қилайлик!

Ҳурматли ўқувчимиз, Сиз мутлақо ҳақсиз. Президент ўзини халқни ўйлайдиган одам қилиб кўрсатиш мақсадида, қўли остидаги давлат хизматчиларига “ундай қилин, бундай қилинг” деб топшириқлар бермоқда. Демократик давлатларда Президент ҳамма нарсанинг хўжайини эмас, у халқ тарафидан сайланган халқнинг хизматкори ҳисобланади ва ўз қўли остидаги давлат хизматчиларини мавжуд қонунлар доирасида бошқаради.

Бизда эса, ҳамма нарса бунинг тескариси. Президент ўзини Оллоҳнинг ердаги сояси деб ҳисоблайди, давлат хизматчиларини ўзининг бугунги кайфиятидан келиб чиқиб қуллардек ишлатади. У уй-жой нархини пасайтириш ҳақида буйруқ бердими, демак, давлат хизматчилари ҳамма қонун-қоидаларга тупуриб, Оллоҳнинг ердаги соясининг буйруқларини бажаришади, сметага ҳомашёларнинг сунъий нархини қўйишади.

Аслида, демократик давлатларда хомашёларнинг нархини ҳам, уй-жойларнинг нархини ҳам бозор белгилайди. Аммо, амалда Ўзбекистон ҳали ҳам социалистик иқтисодиёт билан яшаётгани туфайли бозорнинг нархи билан давлат хизматчилари ҳисоблашмайдилар.

Шундай экан, Сиз айтаётган ситуацияга тушганлар учун ечим йўли йўқ, ҳамма ўғрилик, порахўрлик ва коррупция билан яшашга маҳкум. Буни истамайдиганлар ўзларини ўзлари осишлари керак холос.

Аммо, ўзбекнинг “Ётиб қолгунча, отиб қол” мақоли бор. Демак, энг оғир аҳволда ҳам, бу аҳволдан чиқиш учун курашиш, ҳаракат қилиш лозим. Чунки, “Биздан ҳаракат – Оллоҳдан баракатдир”.

Келинг, нима қилиш кераклигини, қандай ҳаракат қилиш кераклигини гаплашайлик.

Давлатнинг ҳамма ораганлари халқнинг дардига қулоқ солиши учун, биринчидан, ҳамма органлар қонунлар доирасида мустақил бўлишлари керак. Бизда эса, ҳукумат ҳам, Олий Мажлис ҳам, ҳуқуқ тартибот органлари ҳам, оммавий ахборот воситалари ҳам, Президентнинг қўғирчоқларидир. Улар бир-биридан мустақил бўлиши учун – Ўзбекистонда демократия ўрнатиш, ошкораликка йўл очиш керак.

Иккинчидан, биз тўла бозор иқтисодиётига ўтишимиз керак. Ҳозир бизда фақат майда тадбиркорликкагина йўл берилгани, аммо қонунлар устиворлиги ишламаётгани, яъни демократия йўқ бўлгани туфайли - давлат хизматчилари қонунларга эмас, Президентга бўйсунадиган бўлиб қолганлар.

Хуллас, Шавкат Мирзиёдан Ўзбекистонда фундаментал сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар талаб қилиш лозим. Президент бизнинг талабларимизга қулоқ солмаса, халқ майдонларга чиқиб, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларни талаб қилиши керак.

Булар стратегик муаммолар. Лекин, Сиз кўтарган масалалар билан биз ҳозирданоқ шуғулланишга бошлаймиз ва сизларга ёрдам бериш учун қўлдан келган ҳамма нарсани қиламиз. Бу хусусда давлатнинг тегишли идоралари ва оммавий ахборот воситаларига мурожаат қилиб, уларни Сиз кўтараётган масалалар билан шуғулланишга чақирамиз.

Расмда – Тошкент вилояти Тошкент туманида хомаёшлар нархи қимматлиги учун қурилиши тўхтатиб қўйилган қурилиш объектларилардан бирини кўрмоқдасиз. Кўринг, қурилиш ташландиққа айлантирилган. Шавкат Мирзиё қаерда?