19 January 2017
20:36 - Ўзбекистонга Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Петер Буриан келди
Бугун Тошкентга Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили, элчи Петер Буриан бошчилигидаги делегация келди. ЕИ мулозими учрашувларини фуқаролик жамияти вакиллари билан бошлади ва музокараларини ҳукумат расмийлари билан давом эттиради.

Петер Буриан бугун ЕИнинг Тошкентдаги ваколатхонасида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси, “Бирлик” Партияси Бош котиби Васила Иноят, Ҳуқуқ ҳимоячилари Альянси раҳбари Елена Урлаева ҳамда Бухородаги гуманитар ҳуқуқлар маркази етакчиси Шуҳрат Ғаниевларни қабул қилди. Ҳуқуқ фаолари мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари вазияти борасида сўзлаб беришди.

“Бирлик” Бош котиби Васила Иноятга кўра, ЕИ-Ўзбекистон муносабатлари фақатгина иқтисодий, савдо-техникавий ҳамкорликдан иборат бўлиб қолиши керак эмас. Хусусан, демократик Ғарб ўз принцип ва ғояларидан келиб чиқиб, Ўзбекистондаги сиёсий жараёнларга ўз таъсирини кўрсатиши лозим. Мамлакатдаги сиёсий ўзгаришларнинг ричаги бўладиган сиёсий мухолифатни, биринчи навбатда, "Бирлик" Партиясини легитимлаштириш устида ЕИнинг демократик институтлари иш олиб бориши ва бу жараёнга фаол аралашиши лозим.