19 January 2017
19:12 - Эртага Доналд Трампнинг инаугурацияси, бир миллион намойишчи Вашингтонни босиб олиши ҳақида ваҳима қилинмоқда
Эртага 20 январда янги президент Доналд Трампнинг тахтга расман ўтириш маросими, яъни инаугурцияси бўлади. АҚШ парламенти Капитолийнинг қаршисидаги бир неча юз гектарлик катта Вашингтон майдонининг Капитолийга яқин қисми расмий таклиф қилинганлар ва билет сотиб олиб тамошага келганлар билан тўлади.

Аммо, майдоннинг бошқа қисми ҳам бўш қолмайди. Вашингтон шаҳар полициясининг тахминига кўра, эртага бу майдон ва унинг атрофида 1 миллионга яқин намойишчи тўпланади. Уларнинг тахминан ярми Доналд Трампнинг президент бўлишига қарши бўлганлар, қолган ярми унинг тарафдорлари бўлади. Қарши намойишчилар тўпалон чиқаришлари мумкинлиги, бундайларни дарҳол ҳибсга олиш учун ҳамма нарса тайёрлиги айтилмоқда.

Яна ҳам шу ҳам айтилмоқдаки, 8 йил аввал Барак Обаманинг биринчи инаугурацияси пайтида бу ерга 2 миллион одам тўпланган экан. Уларнинг ҳаммаси Обама тарафдорлари бўлганлиги ўз-ўзидан маълум. Унинг иккинчи инаугурациясига “бор-йўғи” 1 млн одам келибди.

Демак, бу майдонда миллионлаб одамларнинг йиғилиши кутилмаган воқеа эмас. Аммо, ҳозир АҚШ ахборот воситалари ваҳимали хабарлар тарқатишга ҳаракат қилаётганлари кўриниб турибди. Буни тушуниш мумкин, чунки, аввалги хабарларимизда ҳам айтилганидек, АҚШнинг кўпчилик ахборот воситалари сайлов олди кампанияси даврида Доналд Трампга қарши бўлган эдилар, аммо айнан у президент бўлиб сайланди. Ҳамма нарса “Ҳаракат” башорат қилгандек бўлди.

Ўша ахборот воситаларининг вакиллари аламларини чиқариб олиш мақсадида эртага Трампга қарши намойишлар тартибсизликларга айланиб кетиши мумкинлигини ўзларича мамнуният билан башорат қимлоқдалар. Ҳиллари Клинтон президент бўлиб сайланиши ҳақидаги башоратлари тўғри чиқмаганидан тўғри хулоса чиқаролмаяптилар.

Тўғри, майдонга шунча одам йиғилар экан, бир-иккита аҳмоқ тўпалон чиқариши ҳам мумкин, аммо улар оммавий тус олиб кетиши ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.

Инаугурация одатдагидек ўтади, Доналд Трамп қасамёд қилиб, вазифасини елкасига олгач, черковга ибодат қилиш учун кетади. Даврвоқе, намойишчилар черков олдини ҳам тўлатишса керак. Бу ҳам оддий воқеа бўлади.

Расмда – Вашинтон Майдони (Миллий Майдон - National Mall). Ўртада Вашингтон Монументи. Узоқда – Капитолий – майдоннинг у тарафдаги чегараси, энг олдинда, майдоннинг бу тарафдаги чегараси – Линкольн Мемориали.