15 January 2017
23:08 - Нурсултон Назарбой Бирлашган Араб Амирликларига келди, исломий бирлик ҳақида гапирди, аммо бунга эришиш йўлини билмайди

Казинформ Агенлигининг хабарларига кўра, бугун пешиндан кейин Бирлашган Араб Амирликларининг пойтахти Абу-Дабига расмий ташриф билан келган Қозоғистон Президенти Нурсултон Назарбой бу мамлакат президенти, айни замонда Абу-Даби амирлигининг жорийдаги подшоҳининг келажакдаги вориси шайх Муҳаммад бен Заид ал Нахаян билан учрашди (расмда). Учрашувдан кейин икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бир қатор ҳужжатлар имзоланди. Нима сабабдан Нурсултон Назарбой билан подшоҳнинг ўзи эмас, вориси учрашганига изоҳ берилмаган.

Кейин у маҳаллий катта бизнесменлар билан учрашув ўтказди ва уларни Қозоғистонга инвестициялар қилишга, ўз мамлакатидаги ширкатларни хусусийлаштиришда иштирок этишга чақирди, Қозоғистондаги 10 махсус иқтисодий ва 20 саноат зонасини Амирликнинг ширкатларига беришга тайёр эканлигини урғулади. Ғарбнинг Россияга қарши киритган санкциялари Қозоғистонни ҳам ураётгани сабабли Нурсултон Назарбой шундай ваъдалар қилаётгани тушунарлидир, дейди “Ҳаракат” мухбири.

У айнан шу учрашувда ҳаммани бу йил Остонада бўладиган халқаро ЭКСПО-2017 кўргазмасида иштирок этишга чақиришдан ташқари, Эрон ва Саудия Арабистони ўртасидаги қарама-қаршиликни назарда тутиб, Ислом дунёсини иккига бўлиб юбормасликка чақирди, ўзи Эрон ва Саудия Арабистони раҳбарлари билан бу ҳақда музокаралар олиб бораётганини таъкидлади. Нурсултон Назарбой бир маҳаллар Ислом дунёси Ер юзида илм ва техника соҳасида лидер бўлганини гапириб, Ислом дунёси келажакда ҳам тараққиёт ва илм-фанга эътибор бериши кераклигини урғулади.

Аммо, кўринишидан, Қозоғистон Президенти ўзи гапираётган мавзуни яхши билмайди. Билса эди, “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатдан ўрганиб бўлса ҳам, Ислом дунёси ички қарама-қаршиликлардан ва ҳозирги қолоқлик ҳамда қашшоқликдан қутилиш учун Ислом динида чуқур ислоҳотлар ўтказиши, Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилиши кераклигини тилга олган бўларди. Ҳозир эса, минг афсуски, унинг чақириқлари айтган ерида қолиб кетаверади.

Дарвоқе, Нурсултон Назарбой эртага, яъни 16 январда Абу-Дабуда ўтказиладиган Х “Келажак Энергияси” жаҳон саммитида иштирок этади.