15 January 2017
07:37 - Диктаторликларда йилга ном бериш одати: Озорбайжонда 2017 йил – Ислом Бирдамлиги Йили

Йиллардан бери Ўзбекистоннинг ҳаромий диктатори Ислом Карим йилларга ном бериш билан шуғулланарди. Йилга ном беришдан мақсад – шу номдан келиб чиқувчи мавзуларга эътибор бериш ва шу йўналишда сезиларли натижаларга эришиш эканлиги ўз-ўзидан маълум. Аммо, йилларга ном бериш натижасида Ўзбекистонимиз биронта ютуққа эришолмаганини ҳамма билади. Шундай бўлса ҳам, янги Президент Шавкат Мирзиё янги йилга ном беришдан ўзини тўхтатолмади ва 2017 йилни “Халқ билан мулоқот йили” деб атади.

Озорбайжонда ҳам йилларга ном бериш одати бор. Илҳом Алиев 2017 йилни “Ислом Бирдамлик Йили” деб атади. Аслида, битта давлатда исломий бирдамлик йили ўтказиш ножиддийликдир, агар ҳамма ислом мамлакатлари шу номни шиор қилиб кўтарсалар, қандайдир мантиқ бўларди.

Демократик мухолифатнинг жарчиси бўлган contact.az Интернет нашрининг хабарида айтилишича, кеча Озорбайжон ҳукумати, табиий, Бош вазир Али Аҳмедов бошчилигида тўпланиб, “Ислом Бирдамлик Йили” номи остидаги йилда нималар қилиш кераклигини муҳокама қилишибди.

Али Аҳмедов ўз хўжайини Илҳом Алиевнинг мусулмон давлатлари фақат диний эмас, сиёсий масалаларда ҳам бир ёқадан бош чиқариши лозимли ҳақидаги сўзларига урғу берибди ва шу йўналишда иш олиб бориб, илмий конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар, конкурслар, кўргазмалар ташкил қилиш, китоблар ва почта маркалари чиқариш каби тадбирларни амалга ошириш кераклигини гапирибди, бу йил Бокуда ўтказиладиган IV Ислом Ҳамкорлик Ўйинлари ҳам шуларнинг ичида эканлигини таъкидлабди.

Кўринишидан, на Илҳом Алиев, на унинг югурдаги Али Аҳмедов Ислом дини дунёвийлик/секуляризм принципини қабул қилмагунча, “Ислом бирдамлиги” ҳақида гапириб ҳам бўлмаслигини тушунишмайди. Бу принцип қабул қилинмагунча, ислом давлатларининг бир қисми шариат билан яшайди, бошқа қисми шариатга тиш-тирноғи билан қарши бўлади. Бундай қарама-қаршилик бор экан, ҳеч қандай бирдамлик ҳақида гапириб ҳам бўлмайди. Айнан шу туфайли 1969 йилда тузилган “Ислом Ҳамкорлик Ташкилоти” қоғоздагина қолмоқда.