28 October 2016
21:23 - Сайловолди масхарабозлиги: Ўзбекистонда сайлов ташвиқотига старт берилди, ҳамма номзодларга бир хил имкониятлар берилармиш
Бугун Ўзбекистон Марказий Сайлов Комиссияси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ёритиш бўйича Республика матбуот марказида мамлакатимиз ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари учун видеконференция шаклида брифинг ўтказилди. Марказий Сайлов Комиссияси раиси М.Абдусаломов президентликка номзодларга оммавий ахборот воситаларидан тенг фойдаланиш ҳуқуқи беришини баён этди.

Хусусан, сиёсий партиялардан келиб тушган таклиф ва истакларини инобатга олиб, ҳар бир номзодга ўз сайловолди дастурларини аҳолига етказиш учун Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг “Ўзбекистон” ва “Ёшлар” теле- ва радиоканалларида 638 дақиқадан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг 12 та ҳудудий телеканалларида 206 дақиқа, Тошкент телерадиоканалида 286 дақиқадан бепул эфир вақти ажратилади.

“Халқ сўзи”, “Народное слово” ва “Правда Востока” газеталарида 6 саҳифадан, “Нурли жол” ва “Овози тожик” газеталарида 5 саҳифадан иборат нашр майдони бепул берилади. Бундан ташқари, ҳудудлардаги 30 та маҳаллий газетада ҳар бир номзод учун 55,5 саҳифа нашр майдони бепул тақдим қилинади.

Шунингдек, номзодларнинг ҳар бири республикамиз бўйича 642 тадан ташқи реклама воситасидан, яъни, махсус конструкциялар, экранлар, биллбордлардан ўз дастурий ғоя ва мақсадларини тарғиб қилишда фойдаланадилар. Шунингдек республикамизнинг 36 та электрон мониторида ҳам номзодларнинг ташвиқот роликлари бепул жойлаштириш имконияти яратилади.

Ўзбекистондаги қўғирчоқ ахборот воситаларида тарқатилган бу хабарларни ўқиб, ҳайрон қолиш керак, дейди мухбиримиз. Тўғри, ҳозир президентликка кўрсатилган номзодларнинг ҳаммаси қўғирчоқ партиялардан. Аммо, Ўзбекистоннинг умрбод президенти бўлиш ниятида бўлган, аслида бу курсини эгаллаб бўлган Шавкат Мирзиё билан бошқа қўғирчоқ номзодларга оммавий ахборот воситаларида тенг имкониятлар берилишига аҳмоқ ҳам ишонмайди.