27 August 2016
20:21 - Дунё исломлашмоқда: Туркияда ҳам полицияда ишлайдиган аёлларга ҳижобда бўлишга расмий рухсат берилди

Бугун Туркиянинг “Расмий Газета” деб аталадиган давлат нашрида махсус хизматларда ишлайдиганларнинг кийиниш қоидаларига ўзгартиришлар киритилгани эълон қилинди. Бу газетада эълон қилингач, ҳар ҳандай қонун ва қоида дарҳол кучга киради.

Бу қоиданинг тафсилотларини гапириб ўтиришга ҳам ҳожат йўқ, чунки, унинг асосий маъноси муҳим. Асосий маъно шундан иборатки, полицияда аёлларга ҳижоб кийиб ишлаш ҳуқуқи берилди.

Бир қарашда, диққатга ҳам лойиқ бўлмаган хабар. Ҳа, нима бўпти, мусулмон аёллар дин қоидаларидан келиб чиқиб, ишларида ҳам ҳижобда бўлсалар?

Аммо, кеча Канадада мусулмон аёлларга ҳижобда хизмат қилиш ҳуқуқи берилгани ҳақидаги хабаримизга ёзилган таҳлилни тўғри тушуниш керак.

Гап шундаки, Ислом динида эътиқод фақат аёлларнинг ҳижоби билан боғлиқ эмас. Ислом динига кўра, мусулмонлар Шариат қонунлари билан яшашлари керак. Аёллар ҳижобга ўралиши шарт, эркаклар 3 та хотинли бўлишга ҳақлари бор, эркак хотинини талоқ қилолади, аммо хотин эрини талоқ қилолмайди, хоҳласа-хоҳламаса у билан яшашга мажбур. Демак, эркак ва аёлларнинг тенглиги бўлмайди. Ўзбечасига қўпол шаклда айтилаётган “сочи узун - ақли калта” ибораси расман тан олинган бўлади.

Майда ўғриларнинг қўли кесилади, каттароқ жиноятчилар тошбўрон қилиб ўлдирилади. Ва ҳоказо ва ҳоказолар. Энг муҳими – мусулмонлар яшайдиган давлат исломий бўлиши керак.

Шариат қонунлари билан яшайдиган исломий давлатга ўтиш – ўрта асрларга қайтиш, ислом динининг ўлимига йўл очишдир. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Хўш, шундай экан, қайси босқичдан кейин мусулмонларнинг эътиқодига чегаралар қўйишга бошланади? У пайтгача, жамият портлаш нуқтасига келиб қолмайдими? Ҳа, келади ва портлайди.