22 August 2016
19:38 - Саакашвили ҳам дунёда Ўзбекистон номли давлат борлигини унутибди
Ўзбекистоннинг иқтисодий аҳволи ачинарли ҳолда эканлиги, ўзбеклар оддий мардикорлар подасига айланиб бораётгани, бунинг устига Президент Ислом Каримнинг яккамоховлик сиёсати туфайли дунёда Ўзбекистон давлати борлиги билан ҳеч кимнинг иши бўлмаётгани, мутлақо кўпчилик бундай давлат борлигини ҳам билмаслиги, айниқса, Ғарбда Марказий Осиё деганда Қозоғистонни тушунишаётгани ҳақида “Ҳаракат” кўп марта ёзган эди.

Масалан, бир неча йил аввалги хабарларимиздан бирида қуйидаги воқеани тилга олгандик. Ўшанда АҚШнинг энг машҳур “Вашингтон Пост” газетаси Ўзбекистонга бағишланган бир саҳифали, яъни жуда катта, аммо танқидий руҳдаги мақола эълон қилди. Одатда одамларга унча таниш бўлмаган давлат ҳақида хабар бериладиган бўлса, авваламбор 1-2 жумла билан бўлса ҳам, бу давлатни танитиб ўтишади.

Бу сафар ҳам шундай бўлди ва мақоланинг бошланишида мамлактимизни бир жумла билан шундай танитишди: “Ўзбекистон Қозоғистоннинг ғарбида жойлашган давлатдир”. Демак, Вашингтон Пост газетасидагилар Қозоғистонни ҳамма билади, деб ҳисоблашади.

Гуржистоннинг собиқ президенти, ҳозир Украинада Одесса вилоятининг ҳокими Михаил Саакашвили РИО-2016 Олимпиада ўйинларида Украина жуда ёмон натижалар кўрсатганини айтиб, Украина спорт вазири Игорь Ждановни истеъфога кетишга чақирди. Бу украинларнинг ичики иши, аммо Саакашвилининг Фейсбукдаги саҳифасида украин ва рус тилларида эълон қилинган баёнотидаги қуйидаги жумла ўзбекларни ҳам қизиқтириши керак:

«Нас опередили Азербайджан, Казахстан, Венгрия, Куба, Кения, Ямайка и другие страны намного меньше Украины и по размеру, и по потенциалу.»

Қаранг, Михаил Саакашвили Олимпида ўйинларида Украинадан олдинда бўлган кичкинароқ давлатларни тилга олади, аммо Ўзбекистонни эсламайди. Ваҳоланки, Украинадан аҳолисининг сони бўйича ҳам, потенциали бўйича ҳам орқада бўлган Ўзбекисон бу ўйинларда энг катта ютуққа эришди. Саакашвили Ўзбекистон давлати борлигини, жуда кўпчилик қатори, унутган бўлса ажаб эмас.

Эслатиб ўтамиз, Украина терма жамоаси Рио-2016 ўйинларида 2 та олтин, 5 та кумуш, 4 та бронза, яъни ҳаммаси бўлиб 11 та медаль олиб, умумий рўйхатда 31 ўринни эгаллаган эди.