17 May 2016
20:40 - Жуда қизиқ: “Эзгулик” жамияти Президент Ислом Каримга мурожаат билан чиқди

Шу йилнинг 10 майида Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноят Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримга мурожаат билан чиқди. Мурожаатда президентнинг фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги концепцияси ижобийлиги, аммо амалда унга тескари ишлар бўлаётгани таъкидланади ва айнан шу тескари ишларнинг олдини олиш вазифасини бажармаётган гўёки ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидов, Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев, Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мурзоулуғбек Абдусаломов сингари шахсларни истеъфога чиқариб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўриш сўралади.

Қуйида ўша мурожаатнинг матни.

* * * * *

“Ўзбекистон Республикаси Президенти
Ислом Каримовга

Муҳтарам Ислом Абдуғаниевич!

Сизнинг 2010 йилнинг 12 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида сўзлаган “Мaмлaкaтимиздa дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпцияси” номли ростдан ҳам консепцуал нутқингиз кўпчилик қатори Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаолларини ҳам илҳомлантирган, мамлакатимиз келажагига умид уйғотганди. Орадан беш йилдан кўп ўтиб, афсуски, кўплаб халқаро ташкилотлар, хусусан, АҚШдаги дунёга таниқли Freedom House ташкилотининг демократия ва эркинликлар бобида Ўзбекистонни энг ёмон давлатлар қаторига қўйишлари чидаб бўлмас ҳақоратдек туюлиб кетмоқда.

Шу йилнинг 26 январь куни ўз ҳисоботини эълон қилган Freedom House ташкилотининг Навбатдаги ҳисоботида жаҳондаги 209 давлат ва суверен ҳудудлардаги демократия ва инсон ҳақлари вазиятини ўрганиш натижалари эълон қилинган. Мазкур ташкилот экспертлари бу давлатлар ичидан 12 тасини “ëмонларнинг ëмони” деб баҳолашбди. Минг афсуски, Сиз модернизация қилишни мақсад қилган ва кучли фуқаролик жамияти барпо этишни ният қилган Ўзбекистон Республикаси ҳам ўша 12 мамлактдан биридир. Бундан ҳам мудҳиш ҳақиқат шундан иборатки, Ўзбекистон, Шимолий Корея ва Эритрея давлатларига бир хил рейтинг берилган ва улар рўйхатнинг охиридан 2-чи ўринга қўйилган, охирги ўринда эса Сомалия турибди. Демак, демократия ва инсон ҳақлари бўйича жаҳонда фақат Сомалиядан олдиндамиз.

Шунингдек, АҚШ Давлат Департаментининг куни кеча эълон қилинган турли мамлакатлардаги инсон ҳуқуқларига оид ҳисоботида ҳам Ўзбекистон анъанавий равишда Шимолий Корея, Куба, Судан ва яна ўша Сомалия каби давлатлар қаторига қўйилган. Хусусан, ҳисоботнинг Ўзбекистонга тегишли қисмида Сиз раҳбарлик қилаётган давлат ҳукумати фуқароларга ўз лидерларини сайлов воситасида ўзгартириш имконини бермаётгани айтилади. Ҳисоботда Ўзбекистон конституциясидаги бир киши икки мартадан кўп президентликка сайлана олмаслиги ҳақида модда борлигига қарамай, Сизнинг 2015 йили ҳам президентликка тўртинчи марта қайта сайланганингиз таъкидланади. Демак, Марказий Сайлов Комиссияси раиси америкаликларга биздаги президент сайловлари қанчалик қонунларга тўғри келиш-келмаслигини тушунтирмаган ёки тушунтириш қўлидан келмаган.

Ўзбекистон билан стратегик ҳамкор саналган АҚШ ҳукуматига ишонилса, мамлакатимиздаги вазият ҳар жиҳатдан аянчли бўлиб, бунда Шавкат Мирзиёев раҳбарлик қилаётган ҳукумат ва инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи қатор расмий ташкилотларнинг айби катта. Жумладан, Олий Мажлисинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили, яъни Омбудсмани, аввалгиси Сайёра Рашидова ҳам, ҳозиргиси Улуғбек Муҳаммадиев ҳам, ўз ҳисоботларида аслида аянчли вазиятни сайқаллаб кўрсатиб, миллат олдида кўзбўямачилик жиноятини содир этдилар.

Шу йил 16 февраль куни Улуғбек Муҳаммадиев ўзининг 2015 йилдаги фаолиятига доир ҳисоботни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларига тақдим этгани ва Freedom House ташкилотининг демократия ва эркинликлар рўйхатида Ўзбекистон охиридан иккинчи ўринда бўлишига қарамасдан, Улуғбек Муҳаммадиевнинг ҳисоботи тасдиқлангани кўрсатмоқдаки, Қонунчилик палатаси ҳам Сизнинг 2010 йидаги маърузангизўда кўтарилган фундементал масалаларни собатаж қилувчилар қаторидадек кўринмоқда.

Мамлакат номидан халқаро минбарларда инсон ҳуқуқлари борасидаги вазиятни хаспўшлаётган Инсон ҳуқуқлари Республика Миллий маркази директори Акмал Саидов ҳам ҳаммани, жумладан, Сизни ҳам алдамоқда.

Нафақат Улуғбек Муҳаммадиев ва Акмал Саидов, балки прокуратура органлари, Ички ишлар ва Адлия вазирликлари Сизнинг фуқаролик жамияти барпо этиш борасидаги консепцуал маърузангизга нисбатан саботаж содир этишмоқда. Агарда улар АҚШ Давлат Депаратаменти ва АҚШдаги Freedom House ташкилотининг ҳисоботларига қулоқ солишса, бу ҳисоботларда кўрсатилган кмчиликларни бартараф қилиш йўлида иш олиб боришса, шундай ишларни қўлидан келганча қилаётган “Эгзулик” жамияти билан ҳамкорликни йўлга қўйишса, биринчидан, Ўзбекистонда дeмoкрaтик ислoҳoтлaрни янaдa чуқурлaштириш вa фуқaрoлик жaмиятини ривoжлaнтириш кoнцeпциясини амалга ошириш йўлида жиддий ютуқларга эришган бўлардик, иккинчидан, жаҳон жамоатчилиги олдида юзимиз ёруғ бўларди.

Муҳтарам Президент! Сиздан яқин орада давлат даражасида жиддий ислоҳотлар ўтказиб, аввало, вазиятнинг танглигидан Сизни огоҳ этмаган, балки уни турли бўёқ ва ранглар билан безаб кўрсатаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Акмал Саидов, Омбудсман Улуғбек Муҳаммадиев, Марказий Сайлов Комиссияси раиси Мурзоулуғбек Абдусаломов сингари шахсларни истеъфога чиқариб, уларга нисбатан тегишли чоралар кўрилишини сўрайман.

Эҳтиром билан,
Жамият раиси Васила Иноятова

Расмда: Васила Иноятова (ўртада) АҚШ элчихонасида, элчи Памела Леора Спратлен (чапда) ҳам қатнашган йиғилишда “Эзгулик” жамиятининг 2015 йил ҳисобатини тақдим қилмоқда. Ўнгда – жамият раисининг ўринбосари Абдураҳмон Ташанов.