31 March 2016
19:36 - Нурсултон Назарбой Ўзбекистонга янги элчи тайинлади, аввалги элчи Жамбил вилоятида ўзбекча мактабларни бекитган одам эди
Қозоғистон президенти матбуот хизмати.хабарига кўра, Нурсултон Назарбой Ўзбекистонга Ерик Утембаевни элчи этиб тайинлаган. Ерик Утембоев сўнгги 4 йил давомида мамлакатнинг Польшадаги элчиси сифатида ишлаб келаётганди. У турли йилларда Эрон (2006-2009) ва Люксембургда (2009-2012) Қозоғистон элчиси сифатида фаолият кўрсатган. Шу билан бир вақтда Утембоев Европа Иттифоқи ва НАТОда Қозоғистон ваколатхонаси раҳбари вазифасини бажарган, дейилади матбуот хизмати хабарида.

Утембоев 2001 йилдан бошлаб Қозоғистон Стратегик Режалаштириш Агентлиги раҳбари ўринбосари, 2002 йилдан Хавфсизлик кенгаши раҳбари ўринбосари вазифасида хизмат қилган. У шунингдек, Каспий денгизи бўйича музокараларда Қозоғистон вакили бўлган.

Қозоғистоннинг мамлакатимиздаги бундан олдинги элчиси Бўрибой Жексембин эди. “Ҳаракат” сайтида 2011 йил 31 июлда эълон қилинган қозоғистонлик ўқувчимизнинг мактубида айтилишича, бу одам Тошкентга элчи бўлиб келмасидан олдин Жамбул вилоятининг ҳокими вазифасида ишлаган. Ўша пайтда унинг буйруғи билан Жамбулдаги 1500 бола ўқийдиган ўзбек тилидаги мактаб мажбуран қозоқ тилига ўтказилган.