12 January 2016
07:36 - Мусулмон йигитларининг Европа шаҳарларидаги жинсий шилқимликларининг диний тарафи йўқ, бу оддий исломий маданиятсизликдир

Европа Иттифоқи давлатларининг либерал сиёсатчилари асосан мусулмонлардан иборат бўлган Осиё ва Африкалик қочқинлар оқими масаласида, маҳаллий миллатчилардан фарқли ўлароқ, ўзларини ўта инсонпарвар қилиб кўрсатишар ва қочқинларга ёрдам бериш устида ишлаш кераклигини таъкидлашар эди. Германия канцлери Ангела Маркел ҳам шулар жумласидан бўлиб, у Германия ўтган йили каби бу йил ҳам 1 миллион қочқинни қабул қилишга тайёр эканлигини гапирар эди. Париждаги исломий терактлар натижасида 130 дан ортиқ одам ҳалок бўлгани ҳам либералларнинг фикрини ўзгартиролмаганди.

Аммо, ўтган йили 31 деабрдан 1 январга ўтар кечаси, яъни янги йил байрами қутланаётган соатларда Германиянинг Кельн шаҳрида сони 1 минг атрофида бўлган осиё-африкаликлар тўдаси, уларнинг кўпчилиги ёш йигитлар эканлиги айтилмоқда, шаҳар марказида тўпланиб, шу ерда дуч келга аёлни ўраб олиб, жинсий шилқимликлар қилишгани, қўллари билан аёлларнинг баданларига ёпишишгани, баъзи аёлларни пул ва тақинчоқларини ўғирлашгани катта шов-шувларга сабаб бўлди. Гап шов-шувда ҳам эмас, гап европалик либералларнинг ҳам фикри ўзгарганида. Ангела Маркел ҳам ҳуқуқ-тартибот органларини бу каби фактлар билан жиддий шуғулланишга чақирди. Маҳаллий ахборот воситалари эса, бўлган воқеаларни секс-ови деб баҳоладилар. Оддий немислар эса, бундай қочқинларга қарши ўз отрядларини тузишга бошладилар.

Шу баҳона билан аввал ҳеч кимга маълум бўлмаган бошқа нарсалар ҳам ўртага чиқди. Маълум бўлишича, бундан икки йил аввал Швециянинг пойтахти Стокгольмда ёшларнинг катта фестивали ўтказилаётган пайтда афғонистонлик ёшлар ёш қизларни ўраб олиб, уларга ёпишишган экан. Ўша пайтдаёқ полиция бундан хабардор бўлган, 50 кишини ушлаган, 200 кишини фестиваль бўлаётган жойдан чиқариб юборган бўлса ҳам, бу ҳақда ҳеч қандай хабар берилмаган экан.

Кўриниб турибдики, энди мусулмон қочқинларига муносабат бутунлай ўзгаришга бошлади. Ҳеч шубҳасиз, бу кетишда Европа мусулмон қочқинларни қабул қилишни тўхтатишдан ташқари, Европага ўрнашиб олганларини ҳам чиқариб юборишга ўтади. “Ислом терроризми” ва “Ислом” тушунчалари синонимга айланиб бораётган пайтда бундай бўлиши табиийдир. Аммо, очиқча айтиш керакки, мусулмон ёшларининг аёлларга нисбатан шилқимлигини Ислом динига ҳеч қандай алоқаси йўқ, бўлиб ўтган воқеалар мусулмон ёшларининг ибтидоий маданиятсизлигининг кўрсатгичидир.

Шундай экан, мусулмонлар ўз ёшларини фақат намоз ўқиш, рўза тутиш ва ҳаж қилишга эмас, замонавий одам бўлишга ҳам ўргатишлари керак. Бу гаплар Швеция, Дания ва Норвегияда яшаётган ўзбекларга ҳам тегишли. Чунки, ҳозир кўриб турганимиздек, бу ерда ўрнашиб олган ўзбеклар, ҳатто Ўзбекистон режимининг мухолифатчилари ҳам, демократия нималигини ҳам тушунмасдан ёки унутиб, ўз юртларида каби ибтидоий шаклда яшашни давом эттирмоқчилар. Бунга йўл қўйилмаслиги керак. Йўл қўймаслик йўлига ўтган европаликлар олқишланиши керак.