12 January 2016
09:22 - Ғарбча масхарабозлик: АҚШ бошчилигидаги коалиция ИШИДнинг молиявий марказини йўқ қилибди

АҚШнинг энг таниқли оммавий ахборот воситаларидан бири бўлган Reuters агентлиги АҚШ Мудофаа вазирлиги, яъни Пентагонга асосланиб тарқатган хабарга кўра, АҚШ бошчилигидаги коалиция ИШИДнинг Мосул шаҳрида жойлашган молиявий марказини ҳаводан ҳужум қилиш натижасида йўқ қилибди. Жангарилар шу марказ воситасида террорчиликни кенг кўламда олиб боришар экан.

Бу хабарни ўқигач, дунёнинг энг кучли мамлакатларининг коалицияси қандайдир ИШИД билан қандай урушаётгани устидан кулишни ҳам йиғлашни ҳам билмайсан, дейди мухбиримиз. Қаранг, ИШИДга қарши 1,5 йилдан бери урушаётган коалиция унинг молиявий марказини энгдигина йўқ қилибди. Марсга фазовий кемалар учираётган АҚШ бурни остидаги ИШИДнинг молиявий марказини энди кўрибдими, шуми АҚШ бошчилигидаги коалициянинг кучи ва аҳволи.

Ишлар шу йўналишда кетаверса, АҚШдагилар юз йил ҳам ўтмасдан “Бирлик” Партияси лидери Абдураҳим Пўлатнинг “ислом терроризмининг илдизлари Ислом динининг Қуръонни хато тафсирига асосланган тушунчаларидадир” деган гапларини тушуниб етиб ва енг шимариб Исломни ислоҳот қилишга тушсалар ва бу билан мақтансалар ҳайрон бўлмаслик керак.

Нима ҳам дердик, АҚШга Доналд Трамп каби янги президент керак, акс ҳолда ИШИДдан ҳам олдин Пентгаон ўлади. Умид қиламизки, Пентагоннинг расмини ИШИДга “Ҳаракат” берди деб бизни айбламасалар керак.