26 October 2015
20:43 - Ўзбекларга маслаҳат: Буюк ўтмишимиз билан мақтанишни эмас, шармандали бугунимиз ва эртамизни тузатишни ўйланг ва ўрганинг
Ўзбекистон режимининг қўғрчоқ ахборот воситаларидан бири русларнинг Sputnik нашрига асосланиб хабар қилишича, Москвада ўзбек маданияти ва музикаси кўнгилочар тадбири ўтказилибди. Тадбирда эътиборга лойиқ бўлган программаларнинг рўйхати хабарда санаб чиқилган деб ўйламанг. Иккита нарсагина айтилган – маданият ва овқат. «Ҳаракат» мухбирлари ўзбеклар ҳозир овқат ейиш ва туалетга боришдан бошқа нарса билан ишлари йўқлигини урғулаб келардилар, энди маълум бўлмоқдаки, Москвадаги ўзбеклар туалетни маданиятга алмаштиришибди. Аммо, ўзбек овқатдан воз кечолмаслиги тўла тасдиқланган.

Хабарда SATO исмли қандайдир ирқий (хабарда айнан шундай дейилган) гуруҳ ҳамманинг кўнглини очиш билан шуғуллангани шунчаки айтиб ўтилар экан, қуйидаги сўзлар диққатга сазовордир: “истаганлар палов ва сон-саноқсиз шарқий ширинлиликларга тўйиш имкониятига эга эдилар”.

Бу овқатбозликни уюштирган Ўзбекистон миллий-маданий автономиясининг раиси Хабиб Абдуллаев шундай дебди: “Ўзбекларни меҳнат муҳожирлари сифатидагина кўришмоқда. Биз буни бузмоқчимиз. Мақсадимиз ўзбеклар буюк ўтмишли халқ бўлганини ва бугун ҳам ҳамма соҳаларда илғор эканлигини эслатишдир.”

Ўзбеклар буюк тарихга эга халқ эканлари маълум нарса, аммо бугун қайсидир соҳада илғорлигимизни гапириш масхарабозликдан бошқа нарса эмас. Марказий Осиёда Ўзбекистон деган давлат борлигини дунё унутиб бўлди, Россия ва Қозоғистонда яшайдиганлар ўзбекларни мардикорлар сифатида билишади, холос.

Ҳар қандай давлат иқтисодининг асосий кўсатгичи бўлмиш Киши бошига Ялпи Ички Маҳсулот бўйича Ғарб давлатларидан 20-30 баравар орқада эканлигимизни қўйиб туринг, қўшнимиз Қозоғистонгдан 2005 йили 5,5 баравар орқада эдик, ҳозир 8 баравар орқадамиз. Бизда ўртча ойлик 90 доллар, қозоқларда 700 доллар. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олишади. Ўзбекистоннинг Давлат бюджети чет элларда мардикорчилик қилаётган ватандошларимизнинг пули билан оёқда турибди.

Бошқа мисолларга ҳам эътибор бериш керак. Қирғизистонда 1 млн атрофида ўзбек бор, аммо улар ижтимоий-сиёсий саҳнада ҳеч ким эмаслар, борликларини ҳам кўрсатолмайдилар. Афғонистонда 3-5 млн, ҳатто 7 млн ўзбек борлиги айтилади, аммо биттагина ҳам ўзбек мактаби ёки синфи йўқ. Ўзбек миллатининг номини ташийдиган Ўзбекистонда ҳам ўзбеклар миллат сифатини йўқотганлар, ўзларининг бугунги кунлари ва эрталари билан ишлари ҳам йўқ. Ваҳолангки, айнан улар Қирғизистон ва Афғонистондаги миллатдошларини қўллаб-қувватлашлари керак эди.

Келажакни ўйлашга ўрганишимиз, Ўзбекистонда Ислом Карим раҳбарлигида ҳукмронлик қилаётган тожиклар режимидан (расмдаги Хабиб Абдуллаев каби кимслар ҳам шу режимнинг хизматкоралридир) қутилишни, ўзбекни қайтдан миллат, Ўзбекистонни Марказий Осиёда лидерлик қиладиган давлатга айлантиришни ўйлашимиз керак.

Аммо, бундай ишларни Москвада палов ва сон-саноқсиз шарқий ширинликларга тўйиш билан қилиб бўлмайди. Ўзбеклар “Ҳаракат” агентлиги сайтини ўқишга, “Бирлик” Партияси кўтараётган ғоя ва режаларни қўллаб-қувватлаш ва уларни амалга оширишга, айни замонда, мавжуд режимга хизмат қилиб, миллатни сотаётганларни жазолаш ва йўқ қилишга ўрганишлари керак.