25 October 2015
17:16 - Саудиядан ИШИД яхши, Саудия қироли Салмондан ким яхши? Уни шаҳзодалар йиқитмоқчи, аммо йиқитоладими?
Инглизларнинг The Sunгазетаси тарқатган хабарда айтилишича, 25 йилдан бери Саудия Арабистонида яшаб, нефть ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган маҳаллий компанияларда ишлаб келган 74 ёшли Карл Андри (Karl Andree) исмли одамга халқнинг кўзи олдида 350 марта қамчиланиш жазоси берилибди. У уйида спиртли ичимликлар тайёрлаб ичгани сабабли 1 йил аввал ҳибсга олинган экан, мана энди бошқа жазо ҳам белгиланибди.

Ҳозир унинг оиласи Буюкбритания Бош вазири Дэвид Кэмеронга мурожаат қилиб, Карл Андрини қутқаришни сўрамоқда, чунки саратон касаллиги ҳам бор кекса одам бунча қамчидан ўлиши муқаррар.

The Sun газетаси “Саудия Арабистонда одамларга бериладиган жазолар ИШИДнинг жазолари каби ваҳшийчадир” дейди ва ИШИД алкоголь ичганлар учун 80 марта қамчилаш белгилаганини, Саудияда эса қамчилар сони маҳкама тарафидан белгиланишини урғулаб, Саудияни ИШИДдан баттар қилиб кўрсатади.

Инглизларнинг Индепендент газетаси эса, номи айтилмаган Саудия шаҳзодаларидан бирига асосланиб, қиролнинг потенциал ворислари ҳисобланадиган 12 шаҳзодадан 8 нафари ҳозирги қирол Салмон бин Абдулазиз ул Саудига қарши эканликларини, ҳатто уни тахтдан туширишни ўйлаётганларини хабар қилди. Уларнинг мақсади тахтга 79 ёшли ҳозрги қиролнинг укаси 74 ёшдаги Аҳмед бин Абдулазиз ул Саудни олиб келиш эмиш.

Газета 1964 йили қирол оиласи аъзоларининг талаби билан тахттан туширилган қирол Сауд бин Абдулазиз ул Сауд мисолини ҳам эслатади.

Шаҳзодалар қиролнинг Альцгеймер касаллиги, Яманда олиб борилаётган уруш ва яқинда Мадинада ҳаж номзодларидан мингдан ортиқ одамнинг ҳалок бўлишини - қиролни тахтдан тушириш учун сабаб сифатида кўратмоқда эканлар.

Аммо, шубҳа йўқки, дейди мухбиримиз, қирол алмашса ҳам, одамларни қамчилаш, бошини кесиш, тошбўрон қилиш каби жазолар ўзгармайди. Ҳажга борган минглаб мусулмонлар ҳалок бўлаверадилар. Исломда фундаментал ислоҳотлар ўтказиш ва Ислом дини дунёвийлик принципини қабул қилиб, номоз, рўза, ҳаж ва закотни фарзликдан чиқариши керак. Шундагина Ислом дунёси, жумладан, Саудия Арабистонида ривожланиш бошланади.