09 May 2015
12:09 - Тошкентда меҳнат фахрийсига 10 пакет лапша совға қилинди
“Улуғ Октябрь социалистик революциясининг 70 йиллиги муносабати билан ветеранларга бир килодан гўшт тарқатилди” деб ёзарди совет матбуоти. Ана шу маълумотнинг ўзиёқ собиқ СССРда аҳволнинг нечоғли аянчли экани, кишилар ҳали қорин ғамидан қутулмагинини намоён этарди. Бугун ўзбек веб нашрларидан бирида чоп қилинган хабарда ҳам мамлакатдаги асл аҳвол билиб-билмай фош этилибди.

Эътибор беринг, Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги маҳалла фуқаролик йиғинларидан бири томонидан 9 май куни муносабати билан 96 ёшли меҳнат фахрийси бўлган кампирни табриклаш мақсадида унга 10та пакет тез тайёрланадиган “Роллтон” лапшалари совға сифатида юборилган. Маълум бўлишича, кампирнинг набираси бунга изоҳ сўраш мақсадида маҳалла йиғинига мурожаат қилганида маҳалла маъмурияти вакили “тарқатиш учун нима берилса, ўшани тарқатишларини” айтган.

Ўзбекистон бозорида 10 дона тез тайёрланувчи бундай лапша пакетининг чакана нархи 4 500 сўм (1 АҚШ доллари) бўлиб, тез тайёрланувчи бундай лапшаларни айрим студентларгина истеъмол қилишади. Худо умр берса, яна 4 йилдан сўнг юзни кўрадиган момонинг лапша ейишини ва “Кексаларни эъзозлаш йили”дек мўътабар йилда Президентнинг шаънига дуо қилишини бир тасаввур қилиб кўринг!