29 January 2015
08:24 - Ўзбекистонда 55 миллиард квт электр энергияси ишлаб чиқилган, бу етарлими?
Ўтган йилда мамлакатда 55 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилган. Электр ишлаб чиқариш ҳажми 2013 йилдагига нисбатан 3 фоиз кўпдир. Аммо аҳолини электр энергияси билан таъминлаш бир неча ўн фоизга пасайди. Масалан, декабрь ойининг дастлабки кунларидан бери туманлар аҳолисига суткасига ўртача икки соат атрофида электр энергияси узатилмоқда. Шундай бир вазиятда Ўзбекистон электр энергиясини Афғонистонга экспорт қилади.

2013 йилда Ўзбекистонда 53,2 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқарилганди, дейди “Ўзбекэнерго” ширкати матбуот хизмати. Ширкат Ўзбекистоннинг электр энергиясини ишлаб чиқариш салоҳияти йилига 56-57 миллиард киловатт/соатни ташкил этишини иддао қилмоқда. Аммо бошқа лўттибозлар каби бу идора ҳам аҳолини электр билан таъминлашдаги вазият, мамлакатнинг истеъмоли учун қанча энергия зарурлиги ҳақида лом-мим демайди.