22 December 2014
19:17 - Сайлов спектаклида либерал демократилар ғолиб бўлибди, қонун бузилиши ҳоллари кузатилмабди

Бугун Марказий Сайлов Комиссияси раиси М. Абдусаломов маҳаллий ва чет эл оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокидаги матбуот анжуманида парламент сайлови натижаларини эълон қилди. Комиссия маълумотига кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашлари сайловида 18 миллион 400 минг нафар сайловчи иштирок этди ва бу рўйхатга киритилган сайловчилар умумий сонининг 89 фоизини ташкил этибди. Бу маълумотларнинг осмондан олинганини аввалги хабаримизда таъкидлалагандик.

Шунингдек, сайлов ўтказувчи 135 сайлов округининг 113 тасида депутатлар сайланган ва Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан 47 нафар, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясидан 17 нафар, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан 28 нафар, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан 21 нафар депутат сайланган. 22 округда номзодларнинг биронтаси ҳам етарли миқдорда овоз ололмаганлиги сабабли мазкур округлардан депутат сайланмаган. Демак, у окркгларда иккинчи тур сайлови ўтказилади. Сайлов якунлари тўғрисидаги ахборот ва Қонунчилик палатасига сайланган депутатларнинг рўйхати 31 декабрда эълон қилинади.

Дарвоқе, кутилганидек сайловларда қонун бузилиши ҳоллари ҳам кузатилмабди. Марказий Сайлов Комиссияси ишонч телефонларига қатор мурожаатлар, таклифлар, баъзи масалаларда эътирозлар келиб тушган. Уларнинг барчасини қонунда кўрсатилган муддат ва тартибда кўриб чиқиш ва ҳал этиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар кўрилармиш.

Албатта, қонун бузилиши, сайловда ғирромликка йўл қўйилиши кутилгани ҳам йўқ. Чунки сайлов пишиқ сценарий асосида ўтди, қолаверса, унинг ўтказилишидан ҳеч бир маъни, сиёсий аҳамияти йўқ эди. Маълумотларга кўра, “Бирлик” Партияси Марказий кенгашининг мамлакат ичидаги аъзоларидан бирортаси ҳам сайловга бормаган.