15 April 2014
07:44 - Ўзбекистонда хабарчиликнинг масхарабозлик даражасигина ортмоқда
Мана, қаранг, қуйида Ўзбекистондек тарихи улуғ, келажаги буюк давлатнинг расмий хабар агентлиги ЎзА кеча тарқатган хабарлардан бири.

* * *

Самарадорлик ортмоқда
ЎзА, Тоҳир Истатов, 14.04.2014 16:03

Бухоро шаҳридаги "ОFS" масъулияти чекланган жамиятида ишлаб чиқарилаётган костюм-шимлар юқори сифати билан харидорларга манзур бўлмоқда.

Ўтган йили корхона замонавий усулда жиҳозланган янги бинога кўчиб ўтди. Бу эса ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, қўшимча иш ўринлари яратиш имконини берди. Ҳозир корхонада 70 нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Маҳсулотлар Бухородан ташқари Навоий, Тошкент ва Қарши шаҳарларидаги буюртмачиларга етказиб берилади.

* * *

Ўзбекистон ички ва ташқи муаммолар ичида ботмоқда. Иқтисод ўлмоқда. Иқтисоднинг кучи бўйича Қозоғистондан 8 баравар орқадамиз. Уларда ўртача ойлик 700 долларга яқин, бизда 90 доллардан кам. Ўзбек профессорлари қозоқ дворникларидан кам маош олади. Миллионлаб ўзбеклар ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимояланмаган ҳолда, оилаларини ойлаб-йиллаб кўрмасдан, чет элларда мардикорлик қилмоқдалар ва улар юборган пул билан Ўзбекисондек давлат яшамоқда.

Шунча муаммо бор экан, ЎзАнинг бераётган хабарига қаранг. Бу хабарда биронта янгилик ҳам йўқ. Фотомоделга ўхшатиш ниятида роса бўяб-чирматилган қизнинг расмидан бошқа нарса йўқ. Балки, мақсад бизда оддий ишчи ҳам фотомодель эканлигини кўрсатишдир. Ўртача ойлик 90 доллар экан, бу фотомодель қанча ойлик оларкин?

Хуллас, бизда бирон нарса ортаётган бўлса, бу ҳам масхарабозлик даражасидир.