18 September 2013
03:09 - “Бирлик” фаоли Жомбой тумани ҳокимлиги маъмуриятини огоҳлангтирди

Бугун “Бирлик” партияси Самарқанд вилояти бўлими раиси Холиқназар Ғани Самарқанд вилояти Жомбой тумани маъмурияти ҳамда туман маориф бўлими мутасаддилари билан учрашиб, уларни халқаро ҳамжамият танқидлари нишонида қолаётган болалар меҳнати, мажбурий меҳнат борасида огоҳлантирди. Мухолифат вакилига кўра, Ўзбекистон Республикаси қонунчилиги, халқаро ҳуқуқий меъёрларга зид равишда ҳокимлик, унинг халқ таълими бўлими мактаб ўқувчилари, ўқитувчиларни мажбурий равишда пахта йиғим-теримига жалб қилишса, у ҳокимликка қарши судга даъво аризаси киритади.

Албатта, таълим тизимида узоқ йиллар тер тўккан, ҳозирда тизим фахрийси бўлган Холиқназар ака ўз мурожаатида таълим ва унинг мамлакат келажаги борасидаги аҳамиятига тўхталган. Умумий руҳдаги чақириқлардан кўра ҳуқуқий майдондаги курашга отланган кекса мухолифатчининг ташаббуси таҳсинга лойиқ. Аммо шуни ҳам эътироф этиш керакки, мамлакатда туб сиёсий ислоҳотлар ўтказилмас, иқтидорга мухолифатдаги партиялар келмас экан, муаммо кўлами ортиб бораверади, дейди мухбиримиз.

Расмда Холиқназар Ғанининг ўтган йили Жомбойдаги 46-мактаб маъмурияти ва туман раҳбариятига йўллаган мактуби келтирилган. Хат ҳуқуқий майдондаги кураш шакли ўлароқ муҳтарам ўқувчиларимиз ва ҳуқуқ ҳимоячилари учун ибратлидир.