11 June 2006
03:00 - 17:30 - Бола ҳам инсон. Унинг ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилиниши керак - Германия – Ўзбекистон: алоқалар давом этмоқда
17:30 - Бола ҳам инсон. Унинг ҳуқуқлари ҳам ҳимоя қилиниши керак

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида “Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларни Ўзбекистон қонунларида акс эттириш“ мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди. Унда эътироф этилишича, гарчи БМТ Бош ассамблеяси томонидан 1989 йили қабул қилинган “Бола ҳуқуқлари тўғрисида“ги конвенцияга Ўзбекистон 1992 йилда қўшилган бўлса-да, лекин бу конвенция талаблари мамлакатимизда ҳозиргача бажарилмай келмоқда. Бугунги кунда ҳам гўдакларнинг Ўзбекистон пахта далаларида, қурилишларида, бозорларида оғир юмушларга гирифтор қилинганлигини кўриш мумкин.

Семинарда сўзга чиққан куйи палатанинг Демократик институтлар, нодавлат ташкилотлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошкариш органлари қўмитаси раиси Акмал Саидов болалар ҳуқуқлари вазиятини “суваб“ кўрсатган бўлса, ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Ризо Ҳусайний ва бошқалар бу вазиятнинг кескинлигини, бола ҳам инсон, унинг ҳам ҳуқуқлари ҳимоя қилиниши ва бунинг учун бола ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро стандартларнинг Ўзбекистон қонунчилигида акс эттирилиши долзарб эканини қайд этдилар.

Германия – Ўзбекистон: алоқалар давом этмоқда

Андижон воқеаларидан кейин Европа Иттифоки аъзолари орасида Германиянинг Ўзбекистон режими билан бўлган нозик алоқа иплари узилгани йўқ. Бундан немис томони ҳам (Термиздаги авиабаза ва савдо-сотиқ сабабли), ўзбек томони ҳам (Fарбий Европа билан алоқани сақлаб қолиш мақсадида) манфаатдор. Биргина жорий йилда парламентарийлар учинчи бор учрашгани бу фикрнинг далилидир.

Куни кеча Германия Бундестаги ХДИ/ХСИ (Христиан-демократик иттифоқи/Христиан-социал иттифоқи) фракциясининг депутат Йохен-Конрад Фромме бошчилигидаги делегацияси Ўзбекистонда бўлиб қайтди. Делегация Ўзбекистон Олий Мажлиси қуйи палатасида унинг раиси Эркин Ҳалилов билан учрашди, бошқа идора ва муассасаларда бўлди. Унга мезбонлар томонидан ўзбекона зўр меҳмондўстлик кўрсатилди, сайру саёҳат қилдирилди.