21 May 2006
03:00 - 19:00 - Ғафур Ғулом авлодлари каҳрамонми, ёки жиноятчи? - "Эрк" сайтига хаккер оралади
19:00 - Ғафур Ғулом авлодлари каҳрамонми, ёки жиноятчи?

”Ҳаракат” агентлиги шу йил 18 мартдаги хабарида собиқ Мудофаа вазири Қодир Ғуломов устидан жиной иш олиб борилаётгани хусусида илк таҳминларни билдирган эди. Шу кунларда эса, бошқа сайтларда ҳам бу иш юзасидан маҳкама жараёнлари бошланиши ҳақидаги маълумотлар тарқатилмоқда. Ҳатто суд бошланадиган кун ҳам айтилмоқда – 22 май, яъни эртага. Мухбиримиз бу ҳодисаларнинг тафсилотлари билан қизиқди.

Маълум бўлишича, Қодир Ғуломонинг ўзи ҳозирча эркинликда, дастлабки тергов ва сўроқларга уйидан қатнаган. У президентнинг давлат маслахатчиси лавозимига тайинланганидан сўнг, Мудофаа вазирлигининг Тошкент шаҳар Шайхонтохур тумани Миллий банкидаки ҳисоб рақамида камомадлар аниқланган. Қочиб кетган банк ҳисобчиси Устемировга нисбатан халқаро қидирув эълони қилингач, собиқ вазир ҳам мазкур ишга жалб қилинган. Жиноят иши тегишли тартибда Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокуратурасига чақириб олиниб, терговлар ими-жимида олиб борилган.

Собиқ вазирга нисбатан кучли босимларнинг бўлгани-ю унинг бу жазога Ўзбекистоннинг ҳарбий салоҳиятини қаттиқ танқид қилганидан сўнг тортилгани ҳақидаги иддаолар ўринсиз. Шу жумладан, Қодир Ғуломовнинг Андижон катлиоми масаласида қурбонга айлантирилгани хусусидаги таҳминлар ҳам эҳтимолдан йироқ. Бу ҳодисаларни Ғафур Ғулом авлодларига, унинг ҳокимиятдаги қариндош-уруғларига нисбатан эсган совуқ шамолларнинг натижаси билан боғлаш мумкин. Ғафур Ғуломнинг катта куёви Қудратилла Аҳмедов ҳаёт бўлганида, Каримов режимининг пойдеворларини қўйган Темур Алимов отдан тушмаганида, ўртанча куёв Толиб Мўминов СамДУда раҳбарлик қилиб турганида, ана борингки, куёвларнинг кенжаси Беҳзод Йўлдошев Фанлар Академиясини бир амаллаб бошқариб турганида Қодирга бу кунлар бормиди?!

Ҳалиям Ғуломларнинг таъсири остида баъзи оммавий ахборот воситаларида янграётган иддаоларга эътибор қаратайлик. Эмишки, Қодир Ғуломов Ўзбекистоннинг ҳарбий тайёргарлиги борасидаги ислоҳотларни кўп марта беаёв танқид қилганмиш. Армия устидан фуқаровий жамият назорати ўрнатиш кераклигини тушуниб етиб, бу йўналишда баъзи қадамлар ҳам қилганмиш. У лавозимидан кетгач, армия яна Каримов режимининг устуни бўлган МХХ назоратига ўтибди. Шу боисдан қам Зокир Алматов тантана билан, Қодир Ғуломов эса жавобгарлик билан кузатилибди.

Кимдир бу ҳодисаларга янгича бўёқлар берса, собиқлар фаолиятини идеаллаштирса адолатдан бўлмасди, дейди мухбиримиз. Ахир, уларнинг ҳаммаси бир аравада бўлганлар, халқнинг қонини биргаликда ичганлар. Ўша пайтда, яъни бир охурдан ем еган пайтида лом-мим деб оғиз очмаганлар. Қанча жиноят қилинган бўлса, баҳамжиҳат қилишган, бирга давру даврон суришган. Энди ана шу ўйиндан чиқиб қолиш, одамни каҳрамонга айлантирмайди, унинг айби кечирилишига асос бўлолмайди.

"Эрк" сайтига хаккер оралади

"Эрк" демократик партиясининг "www.erkinfo.com" сайти хаккерлар ҳужумига дуч келди. Сайтнинг меҳмонлар китоби бўлими ҳамда янгиликлар қисмида бехаё суратлар, эротик ҳикоялар пайдо бўлди. Ҳозирда сайт уларнинг бир қисмидан тозаланиб, Интернет саҳифаларига қайта қўйилди. Сайт веб муҳаррирининг билдиришича, саҳифанинг ташрифчилар учун ажратилган қисмида "Эрк"нинг фракцияларидан бирининг лидери Салой Мадаминов шахсини улуғловчи чақириқлар, айни пайтда Жаҳонгир Муҳаммад ва Самад Муродлар шахсини камситувчи уятсиз, бехаё сўзлар пайдо бўлмоқда экан.

Бир вақтлар "Бирлик" сайти ва унинг меҳмонлар китоби ҳам турли хаккерлар ҳужуми билан бирга мадаминовчилар гуруҳининг бепарда сўзлари билан сийланиб келганди.