30 April 2010
14:17 -
“Эзгулик” ўзбек милициясидаги қабиҳликларни фош этмоқда

Ўтган йилнинг 15 декабрида Нишон тумани “Оқ олтин” жамоа хўжалигидаги яйдоқ далада эри Улуғбек Норбоев ҳамда унинг жазмани Феруза Бўриева томонидан аввал ўлдирилиб, сўнгра ёқиб юборилган Ҳалима Шеронова ҳодисаси юзасидан гумонланиб қамоққа олинган Шоҳиста “Эзгулик”нинг маҳаллий бўлими фаоли, шоир Азамат Махсумовнинг қизи экан. Жамият релизида фаоллар томонидан чуқур ўрганилган жиноят иши тергов ва суд маҳкамаларига баҳо бериларкан, ҳатто процессуал қонунбузарликлар ҳақида гапиришнинг ҳожати йўқ, дейилади. Бу ерда қизнинг мудҳиш жиноятчига чиқарилиши сабаби қашқадарёлик миршабларнинг зўровонлиги-ю, елкасидаги юлдузларини кўпайтиришга бўлган бетизгин майлларидан бошқа нарса эмаслиги таъкиланади.
16 апрелда ўтган якуний маҳкамада давлат айбловчиси сохта далиллар билан айбланган қизга 10 йил сўрабди, суд эса унга 15 йил берган. Эндигина 22 ёшга тўлган қизнинг қамоққа олинишидан бир неча кун аввал тўйи белгиланиб, таклфиномалар тарқатилган экан.
Жамият Ўзбекистон ҳукуматини милиция органлари томонидан амалга оширилаётган бундай қабиҳликлар борасида халқаро ташкилотлар иштирокида шаффоф текширувлар ўтказишга чақирган.
Релизнинг тўла матни жамиятнинг расмий веб сайтида — www.ezgulik.org