10 April 2010
15:22 -
АҚШ Конгресси 2010 йилда ўзбек ҳарбийларини ўқитишга рухсат берди, демократик мухолифат буни олқишлаши лозим

Бу ҳужжатлардан келиб чиқадики, Конгресс ўзбек ҳарбийларини АҚШда ўқитишни бу йил чегараламаган. Яқинда Сенатнинг Ташқи ишлар комитети, тўғрироғи, Комитет таркибидаги сабкомитет (русча – подкомитет) бу хусусдаги таклифларни тасдиқлаган.
Сабкомитетда гапирган АҚШ Мудофаа вазирининг Афғонистон, Покистон ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Давид Седней (David Sedney) шундай дебди: “Бизнинг Ўзбекистон билан ҳарбий алоқаларимиз жуда чегараланган эди, аммо, ишонамизки, ҳозир ишлар олдинга кетади. Тушунишимизча, Конгресснинг қарори “Халқаро Ҳарбий Таълим ва Трейнинглар” программаси учун йўл очади.”
Давлат Департаменти ва Мудофаа вазирлиги биргаликда юритадиган “Кенгайтирилган Халқаро Ҳарбий Таълим ва Трейнинглар” программаси ХҲТТнинг бир қисми бўлиб, унинг доирасида ҳар йили 7 мингча чет эллик ҳарбий АҚШда таълим ва тренинг олади.
Пентагоннинг фикрича, бу программа доирасида АҚШнинг дўстлари ва ҳамкорлари ўз мудофаа ресурсларини бошқаришга ва ҳарбийлар устидан фуқаролар назоратини ўрнатишни тушунишга ўргатилади.
Охирги жумладаги фикрни ҳам ҳисобга олган ҳолда, ўзбек ҳарбийларининг АҚШда ўқитилишини олқишлаш керак, дейди мухбиримиз. Бундай программаларнинг ишга тушиши Ўзбекистон режимини Ғарб олдида бир оз бўлса ҳам юмшашга мажбур қилади, ўзбек демократик мухолифатининг фаолият доирасини кенгайтиришга маънавий ёрдам беради.
Шу кунлада ўзбек ҳарбийларининг биринчи гуруҳи АҚШга келди ёки яқин кунларда келади. Демократик мухолифат ҳам шунга мос равишда ўз фаолиятини Ўзбекистонда жонлантириши лозим.
Расмда - Давид Седней.