27 October 2023
15:53 - “Эзгулик” фаоли Мурод Махсудов қамоққа олинди!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти фаоли, блогер Мурод Махсудов қамоққа олинди. Кеча тушдан сўнг уйидан Тошкент шаҳар ИИББ ходимлари олиб кетишган, кечқурун санкция бериб, бугун эрталаб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг 1-сонли тергов изоляторига жойлаштиришибди.
Муроднинг отаси оддий одам. Ҳуқуқни, қонунларни билмайди. ГУВДдан кимдир ўғлингизга “167 қўйилган, бошқа нарсаларни айта олмаймиз” дебди. Бугун эса ички ишлар идоралари ходимларининг касб байрами экан, Тоштурмадагилар тушгача ишлашаркан.

Ҳеч қачон ўзимни шунчалар ожиз ҳис қилмагандим. Прокуратура, Тошкент шаҳар ИИББга қўнғироқ қилдим, ҳеч ким жавоб бермайди. Мурод Махсудовнинг ҳимоя ҳуқуқи таъминландими? Унга давлат томонидан бўлса ҳам адвокат ажратилдими? Қани ўша адвокат? Гаплашиш, ҳуқуқ фаолининг нимада айбланаётганини билиш мумкинми?

Хусусий адвокат ёллашга на блогернинг оиласида, на “Эзгулик”да пул бор? Авваллари жамоатчилик вакиллари учун халқаро донорлардан маблағ топиларди, ҳозир шуям йўқ.

Нима қилиш мумкин?! Муроднинг ўзи ҳам собиқ ички ишлар ходими, ИИВ мусиқа оркестрида ишлаган. ИИВ ходимларинг байрами (Муроднинг ҳам байрими эди) экан, Бош прокуратура маълумот бера оладими? Мурод Махсудов жамоатчиликка яхши таниш, ижтимоий тармоқларда ўз канали ва мухлисларига эга шахс эди. Майли, айби бўлса, жавобини беради, аммо унинг нега қамалганини айтинг, ахир.

Шунинг учун давлатга солиқ тўлаймиз, бола-чақангизни боқамиз.