06 February 2023
03:19 - Шавкат Мирзиё туфайли ҳаммаёқ дабдaла: Каттақўрғон Туман Ҳокими ўринбосарининг куёви 720 миллион сўмдан ортиқ маблағлар бор банкоматни уриб кетибди

Шу йилнинг 26 январь куни тунда Каттақўрғон тумани Пайшанба шаҳарчасидаги банкоматларнинг бирини 3 нафар шоввоз таг-томири билан қўпориб кетди. Улар аввал ҳудудга тегишли электр станциясидан светни ўчиришган, сўнг бамойлихотир банкоматни қўпориб кетишган.

Маълумотларга кўра, банкомат ичида 720 миллион сўмдан ортиқ маблағлар бор эди. Уюшган жиноий гуруҳ банкоматнинг пулларини олиб, қутини туман ҳудудидаги каналлардан бирига ташлаб кетишган.

Самарқанд вилояти ИИБ маълумотига кўра, уюшган жиноий гуруҳ етакчиси Отабек Ҳасанов бўлиб, у Каттақўрғон тумани ҳокимининг инвестициялар, инновациялар, хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва кичик саноат зоналари ҳамда туризмни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари Камолиддин Ахмедовнинг куёви бўлиб чиқди.

Буни қарангки, туман ҳокими Жамшид Насриддинов ўз ўринбосари Камолиддин Ахмедовнинг отаси Қамариддин Ахмедов билан қуда экан. Қизиғ-а? Бутун туман ўргимчак тўрига айланиб улгурган.

Уни ўша куннинг ўзида Россиянинг Санкт-Петербург халқаро аэропортидан тутиб келтиришди, дейишмоқда ИИБ мулозимлари. Шоввоз қўшни Қозоғистоннинг Чимкент шаҳридан Россияга йўл олган экан.

Жиноий иш материалларига кўра, Отабек Ҳасанов бошчилигидаги ўғрилар тўдаси пулнинг қарийб 500 миллионини олиб, ҳовлисига кўмган ва қолган қисмини чўнтакка урган.

Отабек Ҳасанов Пайшанба қўрғонида бир қанча савдо шаҳобчаларини ижарага берувчи тадбиркор сифатида банкоматга пул қўйилиши, унинг иш режимидан тўла хабардор бўлган шахс сифатида бу мўмай даромаднининг ҳидини аввалдан билиб юрган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари бормоқда. Аммо бизни ўйлантирадиган жиҳати - ўғрибошининг давлат ҳокимияти раҳбарларининг яқин қариндоши эканлигидир. Пайшанбаликлар Ахмедовлар оиласини яхши билишади. Камолиддиннинг отаси Қамариддин Ахмедов айрим ҳамшаҳарлар наздида оқсоқол, элга насиҳат қилувчи зот эди.

Албатта, жиноятилар жазосини олишади. Аммо Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддинов оиласида ўғрилар етиштираётган ўринбосари Камолиддин Ахмедов билан янаям ишлайверадими, буниси бизга қоронғи.

Расмда Самарқанд вилояти Каттақўрғон тумани ҳокими Жамшид Насриддиновни кўрмоқдасиз.