03 February 2023
22:35 - Юсуф Жума: ОТ СИЛОВЧИ ТЎҒРИСИДА РИВОЯТ.
Милён пушти қул ўтганди,
Оч тўғилиб, оч кетганди.

Ёв келса, сотарди юртни,
Пасткашликдан пастдир зоти.

Този жикдан тарқаганди,
Пешонаси ярқиради.

Дуч келган отни силарди,
Чаман от ҳам йўрғаларди.

От силар деб оти чиқди,
Топган оши тотли чиқди.

Иштон кўрди қўша-қўша,
Лекин зоти ўша-ўша.

Бойлар ҳам бўлса йўловчи,
Дерлар - қани от силовчи?

От силовчи ҳозир бўлар,
Яқин бўлар - узоқ йўллар.

Тулпорларга қанот қўли,
Қойил қилди бутун элни.

Тўралар ҳам танир энди,
Бир силатсам қани эди?!

От силарнинг оти чопди,
Кичик тўраликни топди.

Измидадир кичик гўша,
Лекин зоти ўша-ўша…

Бир ўйинчига уйланди,
Етгунча қўли яйланди.

Таннози - тақдирдан тортиқ,
От силар ўзидан ортиқ.

Катта тўра дер - сен тўра,
Тўраликни эпла, жўра.

Отимни ёринг силасин,
Оғзи тўлгунча тиласин.

Сендан кўра соз силайди,
Отим чопсин, зар тўлайман.

Тақдир берди қўша -қўша,
Лекин зоти ўша -ўша…

Алқисса, унгандан унди,
Юқорига қараб энди.

Куйчи иши - сўзнинг чини,
Ёри боис баланд ўрни.

Элу юртни сотиб ейди,
Тўймас, яна, яна дейди.

Кўтарилди роса - подшо,
Лекин зоти ўша - ўша…
2023 йил,2 февраль.

Агар четга чиқар бўлсанг,
Биродар деб келгандан қоч!
Кечирмас - ўзингни билсанг,
Биродар деб келгандан қоч!

Тиржайиб келади бири,
Илжайиб келади бири,
Ўлжа деб келади бири,
Биродар деб келгандан қоч!

Қучоқ очар, қочгин узоқ,
Тузоқ ҳам бир очар қучоқ,
Кирсанг, чиқиб бўлмас, иноқ,
Биродар деб келгандан қоч!

Ичида бордир сараси,
Лекин бесаноқ оласи,
Иккиюз инсон боласи,
Биродар деб келгандан қоч!

Исоку Тангридан битди,
Тоза келиб,тоза кетди.
Бу сотқин Яҳудо зоти -
Биродар деб келгандан қоч!

На ор бордир,на бор номус,
Дономан дер, ақли ожиз,
Ўзининг душмани - даюс,
Биродар деб келгандан қоч.

Барча ўтар,сўзим қолар,
Қулоқ солсанг, йўлга солар.
Алданмагандан бош олар -
Биродар деб келгандан қоч!

Онанг туққандан ҳам ҳатто
Биродар чиқмас доимо,
Ҳеч кимдан кўрмадим вафо,
Биродар деб келгандан қоч!

Тилида ҳазрати Исо,
Масиҳга ишонмас асло.
Исога интилгин, аммо
Биродар деб келгандан қоч!

2023 йил, 2 февраль.