23 January 2023
18:29 - Кутилмаган янгилик: Алишер Усмонов РСТИ бошқарувидан кетиши ҳақида ариза ёзди, у Ўзбекистон билан шуғулланмоқчимиш

Ўзбек аслли Россиялик олигарх Алишер Усмонов "нафақа чиқиши" муносабати билан фаол меҳнат фаолиятини якунлашини айтган.

Россиялик тадбиркор Алишер Усмонов Россия Саноатчилар ва Тадбиркорлар Иттифоқи (РСТИ) бошқаруви бюроси аъзолигидан чиқариб юборишни сўраб, ариза ёзди.

Усмонов "нафақага чиққани ва фаол меҳнат фаолиятини якунлагани муносабати билан" эгаллаб турган лавозимидан озод этишни сўраган. Шу ҳақдаги аризани BRIEF канали келтирди.

Манба Усмоновнинг аризасига изоҳ берар экан, унинг келгусида "Ўзбекистон билан шуғулланмоқчи" экани ҳақида ёзди.

Россиялик дипломат ва сиёсатчи Сергей Марков сўзларига кўра, "Усмонов Россияда қолади, аммо санкциялардан Ўзбекистон орқали чиқиб кетади".

РБК хабарига кўра, Усмоновнинг аризаси кўриб чиқиладиган ҳайъат бюросининг йиғилиши 25 январга белгиланган.

Алишер Усмонов нафақага чиқиш режалари ҳақида аввалроқ ҳам маълум қилганди. 2012 йилда у 6 ой ичида барча активларини ягона ҳолдингга бирлаштириб, бизнесни бевосита бошқаришдан воз кечишини айтди. Forbes журналига берган интервюсида у 63 ёшга бориб, албатта нафақага чиқишини ва хайрия билан шуғулланишини маълум қилганди. Ҳозир Усмонов 69 ёшда.

Алишер Усмонов USM гуруҳининг асосчиси ва йирик акционери ҳисобланади. Бу ҳолдинг таркибига "Металлоинвест", "Удоканская медь" ва "Мегафон" компаниялари киради. У Forbes талқини бўйича россиялик энг бой миллиардерлар рўйхатида еттинчи ўринда туради. Журнал унинг бойлигини 11,5 миллиард долларга баҳолаган.

Россиянинг Украинага бостириб кириши ортидан Алишер Усмонов бошқа кўплаб россиялик тадбиркор ва сиёсатчилар сингари АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа Ғарб давлатларининг санкцияларига дучор бўлган.

У Ўзбекистон билан шуғулланиши нималардан иборат экани айтилмаган. Аслида у Ўзбекистонда катта ишлар қилиши мумкин, аммо бунинг учун мухолифатга ҳам яқин бўлиши керак. Алишер Усмонв "Бирлик" Халқ Ҳаракати Партиясининг раиси Абдураҳим Пўлат билан таниш, ўз вақтида катта ёрдамлар ҳам берган. Кўрамиз, воқеаларни кузатиб борамиз.