13 August 2022
15:11 - Wall Street Journal: Доналд Трамп уйидан тинтув чоғида 11 та махфий ҳужжатлар тўплами олиб қўйилгани эълон қилинибди
АҚШ собиқ президенти уйини тинтув қилиш чоғида олинган нарсалар орасида “ўта махфий” деб таснифланган, фақат махсус давлат идоралари ходимлари фойдаланиши мумкин бўлган ҳужжатлар ҳам бор, деб ёзади The Wall Street Journal.

АҚШ Федерал Қидирув Бюроси (ФҚБ) агентлари 8 август куни АҚШ собиқ президенти Доналд Трампнинг Флорида штати Мар-а-Лаго шаҳридаги қароргоҳида ўтказилган тинтув чоғида 11 тўплам махфий ҳужжатларни мусодара қилганлар. Бу ҳақда 12 август, жума куни Американинг The Wall Street Journal (WSJ) газетаси Трампдан мусодара қилинган материаллар рўйхатига таяниб хабар берилибди.

Рўйхатга, жумладан, “ўта махфий” деб таснифланган, фақат махсус давлат идоралари ходимлари фойдаланиши мумкин бўлган ҳужжатлар ҳам киритилган, дея қайд этади WSJ.

АҚШ Адлия Вазирлиги газетанинг маълумотини қисман тасдиқлаб, Доналд Трампдан ўта махфий ҳужжатлар тортиб олинганини айтибди, бироқ уларнинг ҳажмига аниқлик киритмабди. Бундан ташқари, Адлия Вазирлиги собиқ президент жосуслик тўғрисидаги қонунни бузганликда гумонланаётгани ҳақида хабар ҳам берибди.

Доналд Трампнинг адвокатларига кўра, АҚШ собиқ президенти Оқ Уйни тарк этишдан олдин ўз ваколатлари доирасида топилган ҳужжатларни ошкор қилган. Доналд Трампнинг ўзи маълум қилишича, ФҚБ ходимларининг махфийлиги ошкор этилган ҳужжатларни қўлга киритишга уриниши “керак эмасди”, чунки уларни исталган вақтда “сиёсат билан ўйнамасдан ва Мар-а-Лагога бостириб кирмасдан” олиш мумкин экан.

Ўз навбатида, The Washington Post вазиятдан хабардор манбаларга таяниб, ФҚБ ходимлари Трамп қароргоҳида ядро қуролига оид махфий ҳужжатларни қидиргани ҳақида хабар берди. Улар топилганми ёки йўқми - номаълум. Доналд Трампнинг ўзи ҳам бу борада “ядровий қурол масаласи ёлғондир”, дейишгача борибди.

Умуман олганда, ФҚБ ходимлари Доналд Трампнинг қароргоҳидан 20 га яқин қути ҳужжатлар, фотосуратлар ва ёзишмаларни олиб чиқиб кетишибди. Улар орасида Доналд Трампнинг ўз собиқ маслаҳатчиси Рожер Стоунни афв этиш тўғрисидаги фармони, шунингдек, “Франция президенти” ҳақидаги маълумотлар бор, деб ёзади The Wall Street Journal.