05 March 2013
15:44 - Қозоғистон Фанлар Академиясига 66 мухбир аъзо сайланди, Ўзбекистонда фан ўлдирилмоқда
Бу мамлакатнинг расмий хабар агентлиги Казинформ бугун тарқатган хабарга кўра, Қозоғистон Фанлар Академиясининг навбатдаги Умумий мажлисида 66 нафар янги мухбир аъзо сайланибди. Сайловда 266 олим ўз номзодини қўйган экан. Хабарда айтилишича, бир неча йиллардан бери Академиянинг мақоми хусусида аниқлик бўлмагани сабабли, янги аъзо ва мухбир аъзолар сайланмаган. Президент Нурсултон Назарбойнинг бу йилги миллатга мурожаатида айтган “агар биз фақат нефтга боғланиб қолсак, келажагимиз йўқдир, шу сабабли, фан ва технологиялар бўйича кадрлар тайёрлашга эътибор кучайтирилиши лозим” сўзлари Фанлар Академиясини мустаҳкамлашга қаратилган сигнал бўлганга ўхшайди.

Ўзбекистонда эса, 10 йилдан бери Фанлар Академиясига сайловлар ўтказилмайди. Академия планли равишда, яъни атайлаб ўлдирилмоқда. Аслида, бизда нефть бўлмагани сабабли фан ва техникани ривожланишга аввалдан катта эътибор қаратилиши керак эди. Ҳозир қашшоқ ва иштонсиз Ўзбекистон Фанлар Академиясини мустаҳкамлаш учун маблағ ҳам ажратолмайди.

Хуллас, қаёққа қараманг, аҳволимиз аянчли. Мавжуд режим ўзгармас экан, Ўзбекистоннинг давлат сифатида келажаги йўқ. Ўзгаргандан кейин ҳам оёққа туриш ўта оғир бўлади.